Путиннинг яқин дўстининг ўғли Норвегияда қамоққа олинди

Олам

image

Норвегия шимолидаги Финнмарк вилояти полицияси Россия ва Буюк Британия паспортига эга 47 ёшли эркакни дрон учирганлиги учун ҳибсга олди. У Суд ҳукми билан икки ҳафта давомида қамоқда сақланади. Бу ҳақда BBC нашри хабар бермоқда.

Ҳибсга олинган шахс Буюк Британия фуқароси эканлигини ва Италияда яшашини айтган, бироқ, полиция ходимлари яхтадан Россия паспортини топиб олган. Маҳаллий суд маълумотларига кўра, ҳибсга олинган шахс “Россия темир йўллари” ташкилотининг собиқ раҳбари Владимир Якуниннинг ўғли Андрей Якунин экани маълум бўлган. Владимир Якунин ўз навбатида Россия Президенти Владимр Путинга яқин шахс ҳисобланади.

Прокурор Аня Миккелсеннинг таъкидлашича, воқеа 17 октябрь куни содир бўлган, айбланувчи учувчисиз самолётларни ҳавога кўтарилишини тақиқловчи қонунининг тегишли бандларини бузган.

“Полиция 17 октябрь куни Хаммерфестда бир кишини ҳибсга олди, ундан дрон ва электрон қурилмалар топилди, дрондаги материаллар ҳозир таҳлил қилинмоқда, дрондаги маълумотларнинг мазмуни иш учун катта аҳамиятга эга”, дейди у.

Вазиятга айбланувчининг адвокати ҳам изоҳ берар экан. Суд қарори устидан шикоят қилиши, ҳимояси остидаги шахс ўз айбини тан олгани, аммо у Британия фуқароси бўлиб, қилган иши ноқонуний эканлигига ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлаган.

Хабарда қайд этилишича, бу Норвегия шимолидаги учувчисиз самолётлардан ноқонуний фойдаланишда гумонланганларнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ тўртинчи ҳолат. Россия фуқароларига Норвегия ҳаво ҳудудида ва қуруқликдан 12 денгиз мили узоқликда дронлардан фойдаланиш тақиқланади.

Россиянинг Ослодаги элчихонаси Норвегияга сайёҳлик мақсадида келган россияликларни фото ва видео суратга олишга мўлжалланган қиммат жиҳозларни олиб келмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Очиқ манбаларга кўра, Владимир Якуниннинг тўнғич ўғли Андрей Якунин 1975 йилда туғилган. У Лондон бизнес мактаби ва Колумбия университети бизнес мактабида таҳсил олган. Шунингдек, Андрей жорий йилнинг февраль ойида Россиянинг Украинага бостириб киришига қатъий қаршилигини эълон қилиб, ҳеч қачон Владимир Путинга овоз бермаганини айтган. 

Маълумот ўрнида, тадбиркор Владимир Якунинни Ғарб мамлакатлари Владимир Путиннинг яқин ҳамкори сифатида кўради. 2014 йилда Қрим аннексия қилинганида Якунин АҚШ Давлат департаментининг санкциялар рўйхатига киритилган эди. У 2005 йил июндан 2015 йил августга қадар “Россия темир йўллари”нинг раҳбари сифатида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италияда, АҚШ талабига биноан Россиянинг Красноярск ўлкаси губернатори Александр Усснинг ўғли Артем Усс қўлга олинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

160

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг