Путиннинг Ўзбекистонга қачон келиши аниқ айтилди

Олам 46059
image
-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳридаги саммити доирасида ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Россия етакчиларининг музокаралари кун тартибидан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Алоҳида эътибор саноат кооперациясини кенгайтириш, ҳудудлар ва ишбилармонлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, қўшма иқтисодий лойиҳалар ва гуманитар дастурларни илгари суришга қаратилади.

Шу билан бир қаторда давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашадилар.

Президент Владимир Путин, шунингдек, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси тадбирларида иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги бор Россияга 28 декабрь куни амалий ташриф билан борган эди. Ўшанда Мирзиёев Санкт-Петербургда бўлиб, МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этганди. 

Россия Федерация Президенти Владимир Путин эса Ўзбекистонга охирги марта пандемиядан анча аввал, 2018 йилнинг 18-21 октябрь кунлари келган эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1431
Рейтинг: 3
t
×