Путиннинг танқидчиси ҳибсга олинди – РБК
Олам
−
21 Июль 2023
9015Украина уруши бошланганидан буён фронтдаги муваффақиятсизликларда Россия раҳбарияти ва Мудофаа вазирлигини айблаб келган Игорь Стрелков (Гиркин) ҳибсга олингани айтилмоқда. Бу ҳақда РБК Россия ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, Игорь Стрелковнинг ҳибсга олинганини унинг адвокати Александр Молохов ҳам тасдиқлаган. Маълумотларга кўра, уни бугун, 21 июль куни тушга яқин уйидан олиб кетишган. Ҳозирда Тергов қўмитаси ходимлари унинг яшаш жойида тинтув ўтказаётгани айтилмоқда.
Таъкидланишича, Стрелковнинг ҳибсга олиниши “Вагнер” собиқ ходимининг талабига кўра амалга оширилган. Стрелковнинг хотини Мирослава Регинская эрининг Telegram-каналига пост жойлаб, унинг ҳибсга олинганини маълум қилган.
“Бугун соат 11:30 ларда Тергов қўмитаси вакиллари бизникига келишибди. Ўша пайтда мен уйда эмасдим. Консерж (меҳмонхона ходими)нинг сўзларига кўра, кўп ўтмай улар эримни ушлаб, номаълум томонга олиб кетишган. Эримга Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 282-моддаси (экстремизм) бўйича айблов қўйилганини дўстларимдан билиб олдим. Эримнинг қаердалиги ҳақида ҳеч нарса билмайман, у билан боғланиб бўлмади. Ҳибсга олинганида уйда эмас эдим”, деб ёзади у.
Маълумот учун, Игорь Стрелков Россия армияси ва Федерал Хавфсизлик хизматининг собиқ зобити саналади. У 2014 йилда Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ҳамда Донбассдаги урушда тан олинмаган Донецк Халқ Республикаси ҳарбий гуруҳларининг ташкилотчиси сифатида муҳим роль ўйнаган. Кейинчалик ДХР Мудофаа вазири деб эълон қилинган. Бироқ Малайзия самолётининг уриб туширилиши оқибатида 298 йўловчи ҳалок бўлганидан сўнг вазифасидан озод қилинган. Игорь Гиркин Украина ҳукумати томонидан терроризмда айбланган. Украина шарқидаги сепаратистик ҳаракатлари ортидан бир қатор давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Япония, Канада, Швейцария ва Украина унга нисбатан санкциялар киритган.
Гиркин аввалига Россиянинг Украинага босқинини қўллаб келди. Бироқ, кейинчалик армияни лаёқатсизликда айблай бошлади. У 2022 йилнинг октябрь ойида Украина урушида бир муддат кўнгилли сифатида ҳам қатнашди. Россияга қайтганидан сўнг эса урушда янада қатъийроқ чоралар кўриш тарафдори бўлган “Ғазабланган ватанпарварлар клуби”ни тузди.
Таъкидлаш жоизки, Игорь Стрелков Путинни ҳам жуда қаттиқ танқид қилиб келди. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида унинг Путинни урушда ҳеч қачон ғалаба қозона олмаслигини айтган видеоси тарқалди.
“Армиямиз бу урушда қандай ғалабаларга эришмасин, мамлакат раҳбариятининг бундай ёндашуви билан йўқотишларимиз ортаверади”, деган эди у.
Стрелков, шунингдек, Украинада бир неча кун ичида кўплаб Россия танклари йўқ қилинганини танқид қилиб, Путин ҳақида шундай деганди:
“2023 йилнинг июнь ойида Херсон ташлаб кетилди, Изюм ташлаб кетилди, Купянск ташлаб кетилди...У танкни параддан бошқа ҳеч қаерда кўрмаган, унинг миясига нима бўлган? У ҳақиқатан ҳам кекса одамга ўхшаб эмас, ёш бола каби ҳаракат қилмоқда”.