Путиннинг суперяхтаси Дания қирғоқлари яқинида кўринди
Олам
−
30 июн 3395 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин билан боғланадиган “Graceful” суперъяхтаси 2022 йилдан бери илк бор радарларда пайдо бўлди. У Дания қирғоқлари яқинида ҳарбий кема кузатувида ҳаракатланаётганда пайқаб қолинган. Бу ҳақда Даниянинг DR телерадиокомпанияси хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 29 июнь куни Суперъяхта Дания сувларидан сузиб ўтган. Бундан кемаларни кузатиш бўйича “MarineTraffic” сервиси маълумотлари далолат бермоқда.
“The Insider” томонидан таҳлил қилинган “Starboard Maritime Intelligence” маълумотларига кўра, “Graceful” жорий йилнинг 28 июнь куни Германия қирғоқларидан шимолроқда радарларда кўринган. Ҳозирда у Дания ва Норвегиянинг жанубий қисми ўртасидаги Скагеррак бўғозига чиққан. Яхтанинг бориш манзили сифатида Истанбул кўрсатилган.

“Graceful” яхтасининг Дания қирғоқларида ва мониторинг сервисларида пайдо бўлиши кутилмаган ҳол бўлди: Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан кейин яхтанинг AIS (автоматик идентификация тизими) узаткичи ўчириб қўйилган эди – кема охирги марта ўз манзили ҳақидаги маълумотларни 2022 йил август охирида узатган. Шундан сўнг, у барибир Болтиқ денгизида, Санкт-Петербург, Калининград атрофида ва Эстония қирғоқлари яқинида бир неча бор кўзга ташланган.

“Graceful” ёлғиз пайдо бўлмаган. Путиннинг яхтасини “Воевода” патруль катери ва Россия эсминеци кузатиб бормоқда. Уларни сунъий йўлдошдан олинган суратларда ҳам кўриш мумкин.
Маълумот учун, “Graceful” суперъяхтаси 2014 йилда Россиянинг энг йирик кемасозлик заводи – “Севмаш”да қурилган. Бу ОАВ маълумотларига кўра, Владимир Путин фойдаланадиган яхталардан фақат биттасидир.
Live
Барчаси