Путиннинг сирли ўйлари ёхуд Россиянинг асл мақсади нима?
Олам
−
12 Октябрь 2022
27487Россия Федерацияси раҳбари Владимир Путиннинг ҳозирги давлат бошқарувидаги сиёсати кўпчиликни ҳайратлантирмоқда ва чуқур мулоҳазалар юритишга ундамоқда. У ўзининг “сирли кўзгу”сида нималарни кўрмоқда ва режалаштирмоқда? Бу саволни биз бир неча ойлардан бери, ҳатто, Россия Украинага бостириб киришидан олдин берган эдик, деб ёзмоқда BBC news.
АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш бир марта Владимир Путиннинг кўзига қараганини ва унинг "руҳини ҳис қилганини" айтган эди. Шундай қилиб, Кремль раҳбарининг фикрини ўқиш унчалик осон эмас, лекин тахмин қилиб кўриш жуда муҳим. Бунинг сабаби ҳаммага маълум: Москванинг яқин орада ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ.
Россия Президенти босим остида эканлигига шубҳа йўқ, чунки унинг Украинадаги "махсус ҳарбий операцияси" у ўйлагандек бўлиб чиқмади. Путиннинг назарида бу уруш бир неча кун давом этиши керак эди. Аммо биз саккиз ойдан буён бу "трагедия"га гувоҳмиз ва бунинг охири кўрингани йўқ.
Кремль аста-секин қўшинларининг катта йўқотишларини тан олмоқда. Сўнгги ҳафталарда рус ҳарбийлари Украинада аввал эгаллаб олган ҳудудларининг баъзиларини ҳам қўлдан бой берди.
Қўшинлар сонини кўпайтириш учун ўтган ой Президент Путин қисман сафарбарлик эълон қилди, лекин у олдинроқ бундай қилмаслигини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, санкциялар Россия иқтисодиётини ёмонлаштирмоқда.
Шундай қилиб, Путиннинг руҳий ҳолатига қайтайлик. У қачондир ҳаммасини нотўғри қилгани ва босқинчилик асосий хатоси эканлигини ўйлайдими?
"Бу можародаги вазиятни Путиннинг тасаввурлари бошқаради. У ядровий давлатнинг авторитар раҳбари. Владимир бу мамлакатда тенгсиз лидер. Уни ақлдан оздирадиган кучли эътиқодлари ва тушунчалари бор. Путин бу қарор муҳимлик нуқтаи назаридан энг олий мақсад эканлигига ишона бошлади. Нафақат ўзи учун, балки Россиянинг келажаги учун ҳам”.
Сўнгги ойларда Россиянинг юқори мартабали амалдорлари (жумладан, Путиннинг ўзи) мамлакат ушбу можарода ядро қуролидан фойдаланишга тайёр бўлиши кераклигини айтиб келмоқда.
Бу ҳафта Россиянинг Украинани шиддатли бомбардимон қилиши Кремль ҳеч бўлмаганда Киев билан муносабатларни кучайтиришга қарор қилганидан далолат беради.
Путин Ғарб билан ҳам дипломатияни тикламоқчими?
"У Ғарб билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликдан қочишга ҳаракат қилмоқда, лекин айни пайтда бунга тайёр. Мен, аввало, ядровий можаро эҳтимолидан қўрқаман. Иккинчидан, чексиз урушдан қўрқаман", дейди фахрий либерал сиёсатчи Григорий Явлинский.
Бу “охири йўқ уруш” чексиз ресурсларни талаб қилади. Бунга Россия қанчалик тайёр? Украина шаҳарларига ракета зарбалари тўлқини Кремль кучнинг драматик намойиши, аммо Москва буни қачонгача ушлаб тура олади?
"Бундан ташқари, ҳарбий нуқтаи назардан, ҳеч ким якуний Россия ғалабасининг белгиси нима бўлишини айтмайди? Ғалаба рамзи нима? 1945 йилда у Берлин устидаги байроқ эди. Ҳозирги муваффақият мезонлари қандай? Рус байроғи Киев узра ҳилпираши керакми ёки Херсон ва Харьковнинг устиданми? Мен билмайман. Ҳеч ким билмайди”, дейди сиёсатчи.
Ҳаттоки, Путиннинг ўзини ҳам билиши аниқ эмас.
Февраль ойида Кремлнинг мақсади Украинани тезда мағлубиятга учратиб, Россиянинг кучини дунёга кўрсатиб қўймоқчи эди. Аммо Путин бироз адашди. У Украина армияси ва халқининг ўз ерларини ҳимоя қилишга бўлган қатъиятини паст баҳолади ва ўз ҳарбийларининг имкониятларини ҳаддан ташқари ошириб юборди.
У ҳозир нимани ўйлаяпти? Владимир Путиннинг ҳозирги режаси Украина ҳудуди устидан назоратни мустаҳкамлаш ва уни ўзига қўшиб олиб, можарони музлатиб қўйишми? Ёки у бутун Украина Кремлнинг таъсир доирасига қайтгунича олдинга интилмоқчими?
Бу ҳафта Россиянинг собиқ Президенти Дмитрий Медведев шундай деб ёзди:
"Украина давлати ўзининг ҳозирги ҳаракатлари билан Россия учун доимий, тўғридан-тўғри ва аниқ таҳдид бўлиб қолади. Келажакдаги ҳаракатларимиздан мақсад Украина сиёсий режимини бутунлай йўқ қилиш бўлиши керак, деб ҳисоблайман".
Агар жаноб Медведевнинг сўзлари Президент Путиннинг фикрини акс эттираётган бўлса, узоқ давом этадиган ва қонли можарони тасаввур қилаверинг.
Россия армияси 300 000 заҳирадаги аскарни сафарбар қилмоқчи эканлигини айтди, аммо мамлакат бўйлаб бу ҳаракатга қаршилик кучайиб бормоқда.
Аммо, муқаррар равишда, жаноб Путиннинг хориждаги хатти-ҳаракатлари мамлакатда ҳам ўз таъсир кучини кўрсатди. Йиллар давомида Кремль Путинни “Жаноб Президент” сифатида улуғлади ва Россия жамоатчилигини агар Путин раҳбар бўлса, улар хавфсиз бўлишига ишонтирди.
Мусулмон Зиё
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь