Путиннинг Мўғулистонга ташрифи ХЖСга оғир зарба – Киев
Олам
−
03 Сентябрь
11956Россия Президенти Владимир Путиннинг Мўғулистонга ташрифи Халқаро жиноий суд (ХЖС) ва халқаро жиноий ҳуқуққа “оғир зарба” бўлди. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Георгий Тихи ўзининг Х’даги саҳифасида ёзди.
Унинг сўзларига кўра, Мўғулистон ўз ҳаракатлари билан Россия Президентига “адолатдан қочишга” ёрдам бермоқда.
"Биз ҳамкорлар билан бунинг Улан-Баторга таъсирини таъминлаш учун ишлаймиз", дея таъкидлади Тихи.
Путин кеча, 2 сентябрь куни икки кунлик расмий ташриф билан Мўғулистонга борди. У буни Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг таклифига биноан амалга оширди.
Кремлда маълум қилинишича, сафар СССР ва Мўғулистоннинг “Халхин-Гол дарёси бўйида япон милитаристлари устидан қозонган” ғалабасининг 85 йиллигига тўғри келди ва икки давлат Президентлари шу муносабат билан бир-бирини табриклашди.
Бугун, 3 сентябрда Фахрий қоровул ва отлиқлар фахрий эскорти Улан-Баторда Сух-Батор майдонида Путин ва Хурэлсухни қарши олди. Шу ерда Россия Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Россия Федерацияси ва Мўғулистоннинг давлат байроқлари кўтарилди. Икки давлат мадҳиялари янгради. Маросим давомида Путин ва Хурэлсух ўз делегациялари аъзоларини ҳам таништирди.
Владимир Путин Давлат саройида Мўғулистон Президенти билан учрашди. Суҳбат мўғулларнинг урф-одатлари ва рамзлари инобатга олинган ҳолда яратилган сарой ичидаги ўзига хос иншоот – ўтовда бўлиб ўтди. Учрашув олдидан Владимир Путин фахрий меҳмонлар китобига ёзув қолдирди.
Владимир Путин ва Ухнагийн Хурэлсух ўртасидаги тор доирадаги суҳбат якунланди. Ҳозирда делегация аъзолари иштирокида музокаралар олиб борилмоқда.
Мўғулистон Халқаро жиноий суд аъзоси ҳисобланади. Иштирокчи давлатлар, шунингдек, ХЖС томонидан қидирувда бўлган шахсларни ўз ҳудудида ушлаб туриши шарт.
2023 йилнинг 17 мартида ХЖС Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани “болаларни Украинадан ноқонуний олиб чиқиш” айби билан ҳибсга олишга ордер берди. Россия айбловларни рад этиб, болаларни ўққа тутилган хавфли зоналардан олиб чиқаётганини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь