Путиннинг қўриқчилари махсус дронлар билан қуроллантирилди – ОАВ
Олам
−
29 Июль 8791 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путиннинг шахсий қўриқчилари тутиб олувчи дронлар билан қуроллана бошлади. Бу ҳақда украиналик ҳарбий таҳлилчи Сергей Бескрестнов маълум қилди.
Бескрестнов томонидан эълон қилинган видеода Россия Президентининг қўриқчиларидан бири қўлида дронга ўхшаш қурилмани тутиб тургани, устини эса сумка билан тўсиб қўйгани кўринади. Орқа фонда Путин тантанали ҳарбий кийимдаги ҳарбийларга қўл бериб кўришмоқда, ёнида эса Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов турибди.
“Агентство”нинг аниқлашича, бу кадрлар жорий йилнинг 9 май куни Москвада бўлиб ўтган Ғалаба парадидан сўнг суратга олинган. Нашр маълумотларига кўра, Президент қўриқчисининг қўлида “Ёлки” деб аталувчи тутиб олувчи дрон бўлган.
“Уни “чўнтакдаги дронга қарши мудофаа воситаси” деб ҳам аташади. “Ёлки”ни учириш учун қайта ишлатиладиган қўл катапультасидан фойдаланилади. Ушбу дрон юқори тезликда нишонга бориб урилади ва душман дронини йўлдан чиқаради”, дейилади хабарда.
“Российская газета”нинг ёзишича, “Ёлки” оғир дронлар (масалан, “Баба-Яга” тури), FPV-дронлар, разведка дронлари, самолёт типидаги учувчисиз учоқларни уриб тушира олади.
Қайд этиш жоиз, жорий йилда Москвадаги Ғалаба парадида мобил интернет фаолияти чекланган ва биринчи марта асосий трибунал устига Президентни дронлардан ҳимоя қилиш учун махсус соябон ўрнатилганди. Шунингдек, 9 май арафасида Украина Россия маркази ва Москва ҳудудларига дрон ҳужумларини кучайтирган эди. “Верстка” нашрининг хабарига кўра, пойтахтдаги уй-жой коммунал хўжалиги ходимларига дурбинлар тарқатилиб, улар “сафарбарлик” жадвалига ўтказилган. Улар осмонда учувчи дронларни кузатиш учун жалб қилинган. Шу билан бирга, полициянинг дронларга қарши махсус бўлинмалари бинолар томига кузатув учун жойлаштирилган.
Live
Барчаси