Путинни ҳибсга олишга ордер берган судья ХЖС раиси бўлди
Олам
−
12 Март
14097Япониялик судья Томоко Аканэ Гаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС)нинг янги раиси этиб сайланди. Унинг ваколат муддати 2027 йилгача давом этади. Бу ҳақда ХЖСнинг расмий веб-сайтида маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, Томоко Аканэ Россия Президенти Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган уч судьядан бири бўлган. Аканэ янги лавозимда польшалик судья Пётр Хофманьскийнинг ўрнини эгаллади.
“Суд учун ушбу қийин вазиятда барқарор, ҳамкорликка асосланган ва уюшган раҳбарлик талаб этилади. Мен суд органлари, ҳимоячилар ва жабрланувчилар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга, шунингдек, иштирокчи давлатлар ва Рим статутини ҳали ратификация қилмаган давлатлар билан мулоқотини кучайтиришга эътибор қаратаман. Шунингдек, суд ходимларининг хавфсизлиги ва фаровонлигига ҳам устувор аҳамият бераман”, дейди Томоко Аканэ.
Маълумот учун, ХЖС 2023 йилнинг мартида Путин ва Беловани ҳибсга олиш учун ордер чиқарган. Улар 2022 йил 24 февралдан бошлаб “Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан аҳолини ва болаларни Россияга ноқонуний депортация қилишда” айбланган.
Жавоҳир Йўлдашов