Путинга “режа”дан ташқари савол берган журналист ишдан бўшади

Олам

Матбуот анжумани вақтида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга савол берган “Ямал-Регион” округ давлат телевизион ва радиоэшиттириш компанияси журналисти Алиса Яровская ишдан бўшатилди. “URA.RU”нинг хабар беришича, бунга маҳаллий ҳокимиятнинг савол билан боғлиқ норозилиги сабаб бўлган.

Яровская Президент матбуот анжумани вақтида Ямалдаги Обь дарёси устидан қурилаётган кўприк билан боғлиқ муаммоларни Путинга айтганди.

“Бизнинг губернатор Дмитрий Артюхов лойиҳа амалга ошиши учун барча имкониятларини ишга соляпти. Аммо биз бу ҳақда жуда кам эшитяпмиз ва шуни билмоқчимиз: федерал “оғир артиллерия”ни ёрдамга чақириш мумкин эмасми?”, деган журналист.

Президент лойиҳаларни амалга оширишда уларнинг муҳимлик даражасига қараб имкониятлар тақсимланишини айтган.

“Биласизми, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш режа билан бўлади. Губернаторлар бундай таклиф билан менга ҳам, РФ ҳукуматига ҳам, Транспорт вазирлигига ҳам мурожаат қилади. Умумий контекстдаги бирор лойиҳада тўхтаб қолиш мақсадга мувофиқ эмас. Аммо сиз айтаётган кўприк, шубҳасиз, муҳим инфраструктура лойиҳаларидан. Портларга темир йўлнинг етиб бориши, сиз айтган Шимолий денгиз йўли, биз учун жуда муҳим. Биз буни тушунамиз, биламиз ва инобатга оламиз”, деган Путин.

Нашрнинг қайд этишича, журналистнинг саволини юқори мартабали амалдорлар салбий қарши олган. Анжумандан кейин Яровская билан ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилинган. Алисанинг саволи ноўрин бўлган. Негаки, журналистлар Путинга маълум мавзуларда савол бериши келишилган. Масалан, ямаллик журналистлар йирик магистрал темир йўл қурилиши билан боғлиқ саволлар бериши белгиланган. Яровскаянинг саволи кутилмаганда берилган.

Алиса Яровская ўзи хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганини айтиб ўтган. Аммо бошқа саволларга жавоб қайтармаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Алиса Яровская

Баҳолаганлар

468

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг