Путин Жапаров ва Раҳмон билан ёпиқ эшиклар ортида гаплашиб олди
Олам
−
14 Октябрь 2022
6285Кеча, 13 октябрь куни Қозоғистон пойтахти Остонада Россия, Тожикистон ва Қирғизистон президентларининг уч томонлама учрашуви ўтказилди. Владимир Путин, Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чора-тадбирлари бўйича кенгаш саммити доирасида музокара ўтказди.
Тожикистон Президенти матбуот хизмати сиёсатчиларнинг ёпиқ эшиклар ортида нималар ҳақида гаплашгани ва қандай келишувларга эришгани ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарлари Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашган.
Учрашувда тожик-қирғиз чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралар жараёнининг бориши кўриб чиқилган. Учрашув иштирокчилари юзага келган муаммоларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилишга келишиб олган.
Бундан ташқари, аввал эришилган келишувларга қатъий мувофиқ равишда Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат гуруҳлари ҳамда экспертлардан иборат ишчи гуруҳлар фаолиятини фаоллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Учрашувдан олдин Путин Тожикистон ва Қирғизистон Россия томонининг яқин иттифоқчилари эканини қайд этган.
“Биз халқаро ташкилотлар доирасида жуда яқин ҳамкорлик қиламиз ва, албатта, стратегик ҳамкорлармиз. Қирғизистоннинг бир миллион фуқароси Россияда яшаб, ўқиб, меҳнат қилаётганини айтиш кифоя. Тожикистоннинг икки миллион фуқароси ҳам Россия Федерациясида ишлайди ва яшайди”, деган у.
Путиннинг сўзларига кўра, давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми ҳам ошиб бормоқда.
“Бир томондан ҳам, бошқа томондан ҳам ўтган йили қарийб 45 фоиз, жорий йилнинг 7 ойида 20-30 фоиз ўсиш кузатилди. Ҳажм жуда катта ва, албатта, биз изчил ижобий ривожланиш учун бундай шароитлар сақланиб қолиши ёки керак бўлганда янгидан яратилишидан манфаатдормиз”, дея қўшимча қилган у.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь