Путин ишдан олган вазир ўзини ўлдирди
Таҳлил
−
08 Июль 7741 4 дақиқа
Одатда Россияда ўз жонига қасд қилиш, кўп қаватли бино деразасидан тушиб кетиш ва бошқа сирли ўлим ҳолатлари мамлакатнинг энг йирик компанияларидаги раҳбарлар билан кузатиларди. Ортда қолган йиллар давомида Лукоил ва Газпром бошқарувидаги йирик фигуралар билан шундай ҳолатлар тез-тез содир бўлиши одатий тусга кирган. Бундай ўлим сценарийлари Россияда сиёсатчилар билан ҳам кузатилади. Бундан бир неча кун олдин, аниқроғи 6 июлгача Россия транспорт вазири лавозимида ишлаб турган Роман Старовойт мисолида шу каби ўлим ҳолати рўй берди. Путин уни ишдан олиши билан, орадан 24 соат ўтмай, у ўз жонига қасд қилди.
Ўлим билан жазодан қутулмоқчи эдими?
Россия Президенти Владимир Путин Роман Старовойтни Россия Федерацияси Транспорт вазири лавозимидан озод қилганди. Тегишли фармон 7 июль куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталига жойлаштирилди ва имзоланган пайтдан эътиборан кучга кирди. Аммо ҳеч бир расмий доирада Старовойтни ишдан бўшатиш сабаблари очиқланмади. Кремль маълумотларига кўра, Путин Новгород вилояти собиқ губернатори Андрей Никитинга Россия Транспорт вазирлиги раҳбари вазифасини бажаришни топширгани маълум бўлди.
Бу орада эса Роман Старовойт ўз жонига қасд қилгани хабар қилинди. Россиянинг собиқ транспорт вазири Роман Старовойтнинг жасади Мякинино қишлоғидаги уйидан топилди. “Baza” телеграм канали тарқатган дастлабки маълумотларга кўра, Старовойтнинг ўз жонига қасд қилиши эҳтимолий жиноий иш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Манбаларга кўра, Курск вилоятининг собиқ раҳбари Алексей Смирнов маълум ишлар юзасидан Роман Старовойтга қарши кўрсатма берган. Яъни Старавойт ишдан олиниши заҳоти унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин бўлган. Бунга сабаб эса постсовет ҳудидаги аксар давлатларда жуда кўп урчиган маҳаллий ҳокимият ва пудратчилар ўртасидаги келишувлардир. Гап олди-қочди тендерлар ҳақида кетмоқда. “Маш” канали маълумотларига кўра, Старовойт катта ҳажмдаги фирибгарликда гумон қилинган. Собиқ транспорт вазирига саволлар унинг бош пудратчиси Курск вилоятини ривожлантириш корпорацияси бўлган Курск вилояти тезкор штабининг қарорини имзолагани сабабли пайдо бўлган. Унга бюджетдан 19 миллиард сарфлаш ва субпудратчиларни ўзи танлашга рухсат берилган.
Бундан ташқари, тергов минтақадаги касалхоналар учун дори-дармонларни сотиб олиш ва муваффақиятсиз транспорт ислоҳоти билан боғлиқ масалаларни ўрганиб чиққан. Курскда Старовойт даврида трамвай йўлларини реконструкция қилиш ва янги вагонларни етказиб бериш учун шартнома имзоланган, бироқ, лойиҳа якунланмагани айтилмоқда. Йўлларнинг фақат бир қисми янгиланган ва бюджетдан ажратилган пул аллақачон сарфланган. Алексей Смирновдан ташқари Курск вилоятини ривожлантириш корпорацияси бош директори Владимир Лукин ва депутат Максим Василев ҳам Старовойтга қарши гувоҳлик берган. Ҳозирда уларнинг барчаси тергов ҳибсхонасида сақланаётгани айтилмоқда.
Бутазордаги жасад
Старавойтнинг жонсиз танаси 7 июлда Москва яқинидаги Одинтсоводан топилди. Унинг жасади автотураргоҳдаги машинасидан бир неча метр наридаги бутазорда бўлган. Старовойтнинг соқчилари, уни қаердан ва қачон олиб кетиш кераклиги ҳақида охирги хабарни олган ва жасадни биринчи бўлиб топгани айтилмоқда. Жасад айнан унга тегишли эканини аниқлаш учун вазирнинг ёрдамчиси, саёҳатларида доимо унга ҳамроҳ бўладиган ва миш-мишларга кўра машуқаси деб айтиладиган 25 ёшли Қозон тиббиёт университети битирувчиси Полина исмли қиз ҳам чақирилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари амалдорнинг жасадини машинага олиб чиқишган, шундан сўнг у ўликхонага олиб кетилган.
Маълумот учун Старовойт рафиқаси билан 2021 йилда ажрашган, уларнинг икки фарзанди бор. Сўнгги йилларда у тиббиёт университети битирувчиси Полина билан яшаб келган. У Курск области губернаторлигидан бўшаганида ушбу аёлни ўзи билан Москвага олиб кетганди. Полина эса сўнгги йилларда Роман Старовойт ҳаётининг ажралмас қисмига айлангани айтилади. Старовойт Курск вилоятида губернаторлик қилган давридаёқ Полина унинг ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлаган. Қиз унга иш сафарларида ҳамроҳлик қилган, учрашувларни ташкил қилишда ёрдам берган ва ишбилармонлик ёзишмаларини олиб борган. Манбаларга кўра, уларнинг муносабатлари тез орада профессионал ҳамкорликдан ишқий муносабатларга бурилган. Курск аҳолиси эса бир неча йил олдин Полина ва Старовойт ўртасидаги ишқий муносабатларни муҳокама қилишган. Баъзилар ҳатто уни минтақанинг “биринчи хоними” деб аташган.
Айни дамда Старовойтнинг сирли ўлими ортида нималар тургани, аста-секин ойдинлашмоқда. Россияга алоқадор манбалар ўз версияларини тақдим қилишда давом этяпти. Биз ҳам вазиятни диққат билан кузатиб, расмий маълумотлар ҳамда эҳтимолий сценарийларни улашишда давом этамиз.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь