Путин Украинадаги сиёсий инқирозда Европа ва АҚШни айблади
Олам
−
22 Июнь 2021
6209Германиянинг “Die Zeit” газетасида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Иккинчи жаҳон уруши бошланганининг 80 йиллигига бағишланган мақоласи чоп этилди. Бу ҳақда Кремль хабар бермоқда.
Россия давлати раҳбари томонидан тайёрланган мақола “Ўтмишга қарамай очиқ бўлиш” деб номланган. Унда Путин бундан роппа-роса 80 йил олдин, 1941 йил 22 июнь куни фашистлар деярли бутун Европани забт этиб, Совет иттифоқига ҳужум қилганини ёдга олган.
Муаллиф Ватан мустақиллиги ва обрўйини ҳимоя қилган Европа, қолаверса дунёни қулликдан халос этган Қизил армия ва фронт орти қаҳрамонларининг жасорати ва бардоши билан фахрланишини урғулаган.
“Ким ҳозир ўтмиш саҳифаларини қайта ёзмоқчи бўлса, ҳақиқат шуки, совет аскари Германия ерига немислардан қасос олиш учун эмас, балки озодликни сақлашдек буюк вазифа билан келган. Нацизмга қарши курашган қаҳрамонлар хотираси биз учун муқаддасдир. Гитлерга қарши коалициядаги иттифоқчилар, Қаршилик иштирокчилари, умумий Ғалабани яқинлаштирган немис антифашистларини миннатдорлик билан хотирлаймиз”, дейди Путин.
Шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССР ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатларга ҳам тўхталиб ўтган.
“Жаҳон уруши даҳшатларидан қутулиб, Европа халқлари бегоналашишни енгиб, ўзаро ишонч ва ҳурматни тиклашга муваффақ бўлишди, ўтган асрнинг биринчи ярмидаги Европа фожиалари остида сўнгги чизиқни чизиш учун бирлашиш йўлини бошладилар. Ва мен шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, халқимиз бугунги Европанинг шаклланишида, Германиянинг шарқида ҳам, ғарбида ҳам яшаган немисларнинг бирлашиши ва тарихий ярашувида улкан роль ўйнаган. Эслатиб ўтаман, урушдан кейинги йилларда айнан немис тадбиркорлари мамлакатимиз билан ҳамкорликнинг кашшофига айланди”, дея қайд этди Россия Президенти.
Президент 1970 йилда СССР ва Германия ўртасида имзоланган “аср битими” — Европага узоқ муддатли табиий газ етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилганини эслаб ўтган. Путиннинг қайд этишича, ушбу келишув кўплаб кейинги улкан лойиҳаларнинг, жумладан, “Шимолий оқим” газ қувури қурилишининг бошланишига туртки бўлгани ҳақида сўзга олган.
Маълумот ўрнида, “Шимолий оқим” — Россиядан Германия томон Болтиқ денгизининг туби билан ўтказилаётган газ қувури. Ушбу лойиҳадан мақсад — Россиядан Европага етказиб бериладиган газ миқдорини ошириш ҳамда газни етказиб беришда транзит давлатларга бўлган боғлиқликни камайтириш. Ўз навбатида, Россия, Германия, Нидерландия ва Франция ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаётган бўлса, АҚШ ва Болтиқбўйи мамлакатлари (Эстония, Латвия ва Литва) қарши чиқмоқда. Украина Президенти Владимир Зеленский эса ушбу лойиҳани Россиянинг қўлидаги геосиёсий қурол, деб атаган. Украина давлат раҳбарининг сўзида жон бор, чунки айнан “Шимолий оқим” ҳақида гап кетганда, Европа давлатларининг қарашларида каттагина тафовут келиб чиқади.
Бундан ташқари, Владимир Владимирович ушбу мақоласида дунёнинг қутблашишида кўпгина мамлакатлар сунъий танловга дуч келганига эътибор қаратган.
“Ёки жамоавий Ғарб билан, ёки Россия билан бўлиш — бу аслида ультиматум эди”, дейди давлат раҳбари.
Путин ушбу фикрига мисол тариқасида 2014 йилда Украинада юз берган сиёсий инқироз ҳақида ёзган.
“Европа Украинадаги конституцияга қарши қуролли тўнтаришни фаол қўллаб-қувватлади. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Бунақа қилишнинг нима кераги бор эди? Ваҳоланки, амалдаги [Украина] Президент Янукович оппозициянинг барча талабларига, аллақачон, рози бўлган эди. Нима учун Қўшма Штатлар давлат тўнтаришини уюштирди ва нега Европа давлатлари уни қўллаб-қувватлади?”, дея ёзади Путин.
Путин Европанинг урушдан кейинги бутун тарихи “умумий қитъамизнинг гуллаб-яшнаши ва хавфсизлигига барча давлатлар, шу жумладан, Россиянинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан эришиш мумкинлигини” айтган.
Унинг сўзларига кўра, Россия ўзининг Европа билан ажралмас маданий ва тарихий алоқасини ҳис қиладиган энг йирик Европа давлатларидан биридир.
Путин мақолада Россия ва Европа учун манфаатли бўлган мавзуларни ҳам санаб ўтган.
Улар қаторига хавфсизлик ва стратегик барқарорлик, соғлиқни сақлаш ва таълим, рақамлаштириш, энергетика, маданият, фан ва технологиялар, иқлим ва экологик муаммоларни ҳал қилиш кирган. Россия раҳбарининг таъкидлашича, мамлакатлар “ўтмишдаги тушунмовчиликлар, шикоятлар, можаролар ва хатолар юкини шунчаки ташиб юролмайди”, бу эса уларни долзарб муаммоларни ҳал қилишда жамлашга имкон бермайди.
“Биз ҳаммамиз бу хатоларни тан олишимиз ва уларни тузатишимиз кераклигига аминмиз. Бизнинг умумий ва тортишиб бўлмайдиган мақсадимиз Европа ва бутун дунё равнақи йўлида бўлиниш чизиқларисиз континентал хавфсизликни, тенг ҳуқуқли ҳамкорлик ва универсал ривожланишни таъминлаш ҳисобланади”, дея хулоса қилган Путин.
LiveБарчаси