Путин Украина масаласини ҳал қилиш учун Африка давлатлари раҳбарларидан “маслаҳат” олмоқчи
Олам
−
16 Июнь 2023
8010Россия Президенти Владимир Путин Украина масаласини муҳокама қилиш бўйича ҳар қандай алоқаларга тайёр ҳамда муаммони ҳал қилишга қаратилган барча ғояларни қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Дмитрий Песковга таяниб, ТАСС хабар берди.
"Президент Путин Украина муаммосини ҳал қилишнинг мумкин бўлган вариантларини муҳокама қилиш учун ҳар қандай алоқаларга очиқ бўлган ва ҳозир ҳам очиқ", дейди Песков.
Шунингдек, Россия Президентининг вакили муаммони ҳал қилишга қаратилган ҳар қандай таклифлар ва ғояларни қўллаб-қувватлашини ҳамда Африка раҳбарлари билан Украина масаласи юзасидан бўлажак алоқаларни мамнуният билан қабул қилишини билдирган.
Песковнинг айтишича, Украина билан зиддият “Россия Федерацияси чегараларида русларга қарши марказ мавжудлиги” билан боғлиқ.
Маълумот учун, эртага, 17 июнь куни бир қатор Африка давлатлари раҳбарларидан иборат Африка “тинчликпарвар миссия”си Москвага бориши кутилмоқда. Миссия таркибидан Жанубий Африка Республикаси, Замбия, Комор ороллари, Конго-Браззавил, Миср, Сенегал ва Уганда раҳбарлари ўрин олган.
Путин билан учрашувда улар Украина масаласи ва “дон келишуви”ни муҳокама қилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда ЖАР Президенти Сирил Рамафоса давлат ташрифи билан Украинада бўлиб турибди.
LiveБарчаси