Путин Украина масаласида музокарага тайёр – Песков

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Украина атрофидаги вазият ва хавфсизлик кафолатлари бўйича “музокараларга тайёр”. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков CNN телеканалига маълум қилди.

“Аввало, Президент Путин доимо музокаралар ва дипломатияни маъқуллаб келади... ва аслида Россия Федерацияси учун хавфсизлик кафолатлари масаласини у илгари сурган. Россия учун Украина муаммонинг фақат бир қисми, бу янада жиддий хавфсизлик кафолатлари муаммосининг бир қисмидир ва, албатта, Президент Путин музокараларга тайёр”, деган Песков.

Сўнгги ойларда Украина атрофидаги вазият кескинлашди. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормаслик ёки зудлик билан мамлакатни тарк этишни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.  

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш нияти йўқлигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.

2021 йил охирида Россия АҚШ билан шартнома ва НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув лойиҳаларини чоп этди. Хусусан, Москва ўзининг ғарблик ҳамкорларидан НАТОнинг шарқда янада кенгайишини тўхтатиш, Украинани альянсга қўшиш ва постсовет мамлакатларида ҳарбий базалар очишдан бош тортишнинг ҳуқуқий кафолатларини талаб қилмоқда. Таклифларда, шунингдек, НАТОнинг зарба берувчи қуролларини Россия чегаралари яқинида жойлаштирмаслик ва Шарқий Европадаги иттифоқ кучларини 1997 йилги позицияларга қайтариш тўғрисидаги банд ҳам бор.

АҚШ ва НАТО Россиянинг таклифи ва талабларини рад этди. Хусусан, АҚШ Россия билан қуролланишни чеклаш борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. НАТО эса ташкилотга ким аъзо бўлишини мустақил ҳал қилишини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

348

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг