Путин Украина қачон музокаралардан воз кечганини айтди
Олам
−
15 Октябрь 2022
11367Россия қўшинлари Киевдан олиб чиқиб кетилган пайтда Украинанинг Россия билан музокаралардаги позицияси ўзгарди. Бу ҳақда кеча, 14 октябрь куни журналистларга Россия Президенти Владимир Путин маълум қилди.
“Мен, ўз навбатида, сиз билганингиздек, Кремлда Федерация субъектлари бўйича қарор қабул қилиш чоғида гапирганимда, биз очиқмиз, [музокаралар учун] доим очиқмиз. Биз ҳатто Истанбулда маълум келишувларга эришдик, бу келишувлар деярли тасдиқланган эди. [Россия] қўшинлари Киевни тарк этиши билан Киев расмийларида музокаралар олиб бориш истаги дарҳол йўқолди, тамом. Агар улар бунга тайёр бўлса – марҳамат, бундан манфаатдор бўлганларнинг барчасининг воситачилик ҳаракатларига талаб бўлади”, дейди Путин.
Путин Киевдаги ҳукумат доимий равишда музокара ўтказишни хоҳлаётгани ҳақида гапириб, энди бўлса, мулоқотга киришишни расман тақиқлаб қўйганини таъкидлаган.
“Улар [Киев расмийлари] доим музокаралар ўтказишни хоҳлашларини айтиб келишаётгани ва буни сўрашди, энди бу музокараларни тақиқловчи расмий қарор қабул қилишди. Хўш, бу ерда нима ҳақида гаплашишимиз мумкин?”, дея хулоса қилган Россия раҳбари.
Украина билан музокараларда Хитой ва Ҳиндистоннинг потенциал воситачилик ролига изоҳ берар экан, Путин Пекин ва Нью-Деҳли доимо мулоқот ўрнатиш ва можарони тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлиги ҳақида баёнотлар бериб келаётганига эътибор қаратган.
“Биз уларнинг позициясини биламиз, улар бизнинг яқин иттифоқчиларимиз, ҳамкорларимиз, биз уларнинг позициясини ҳурмат қиламиз”, децди у.