Путин Туркманистоннинг кетаётган ва келаётган Президентлари билан суҳбатлашди
Олам
−
15 Март 2022
8436Бугун, 15 март куни Россия Президенти Владимир Путин Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва сайланган Президенти Сардор Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Туркманистон давлат агентлиги хабар берди.
“Суҳбатдошлар бир-бирларини самимий қутлаб, икки давлат умумий манфаатларига жавоб берадиган анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Президент Владимир Путин Туркманистон раҳбарини Президентлик сайлови муваффақиятли ўтгани билан самимий табриклади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Владимир Путин Туркманистоннинг сайланган Президентини ғалаба билан табриклаган ва президентлик фаолиятида катта муваффақиятлар тилаган.
Фурсатдан фойдаланиб, Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Президент Владимир Путинга давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси ва самарали ҳамкорликдаги фаолияти учун миннатдорлик билдирган.
Шунингдек, “Арқадағ” эндиги фаолиятини янги лавозимда – Туркманистон Халқ Маслаҳати Миллий Кенгеш раиси сифатида давом эттириш ниятида эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Туркманистонда навбатдан ташқари Президент сайлови жорий йилнинг 12 март куни ўтказилди. Мамлакат бўйлаб 2577 та сайлов участкаси очилди, 41 таси республика ташқарисида. Ҳаммаси бўлиб 3,4 миллиондан ортиқ сайловчи рўйхатга олинган. МСК маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 97,11 фоизи сайловда қатнашган.
Сардор Бердимуҳамедов сайловда жами овозларнинг 72,97 фоизини тўплаган.
LiveБарчаси