Путин русларни кўп болали бўлишга чақирди. У нимадан хавотирда?
Олам
−
29 Ноябрь 2023
8058Россия Президенти Владимир Путин мамлакат оғир демографик муаммоларни енгиб ўтиши учун русларни кўпроқ фарзанд кўришга чақирди. Бу ҳақда "The Moscow Times" хабар берди.
Маълумотларга кўра, Путин бу ҳақда Бутунжаҳон рус халқи қурултойида маълум қилган. У "руслар кўп болали оилалар анъанасини жонлантириши керак"лигини алоҳида айтиб ўтган.
"Россиянинг кўплаб халқлари тўрт, беш ёки ундан ортиқ бола тарбияланадиган кучли, кўп авлодли оила анъаналарини сақлаб қолган. Авваллари рус оилаларида камида етти-саккиз нафар фарзанд бўлган", деган Россия етакчиси.
У бутун рус халқини "ушбу ажойиб анъаналарни асраб-авайлаш ва тиклаш"га чақирган. Кўп болали ва катта оилали бўлиш Россиядаги барча халқлар учун одатдаги ҳол, турмуш тарзига айланиши кераклигини урғулаган.
"Мамлакатдаги демографик муаммоларни фақат пул, нафақа, ижтимоий тўловлар ва имтиёзлар ёрдамида ҳал қилиш мумкин эмас", деган Путин.
Маълумот ўрнида, статистик кўрсаткичларга эътибор берилса чиндан ҳам россияликлар 2018 йилдан бери камайиб бормоқда. Жумладан, 2022 йилда аҳоли сони 533 минг кишига камайган бўлса, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 146,5 миллион кишини ташкил этган.