Путин Россия ва Беларусь алоқасидаги энг муҳим омилни айтди
Олам
−
19 Декабрь 2022
6210Россия Президенти Владимир Путин Москва ва Минск муносабатларида иқтисодий ҳамкорликни устувор йўналиш деб атади. У бу ҳақда бугун, 19 декабрь куни Минскка ташрифи давомида сўз очган.
“Иқтисодиётга келсак, Александр Григоревич [Лукашенко] айтганидек, бу бизнинг устувор вазифамиз”, дейди Россия раҳбари.
У учрашув чоғида икки давлат ҳукуматлари, биринчи навбатда, иқтисодий соҳадаги ишларини сарҳисоб қилиш режалаштирилаётганини эслатиб, сўнгги пайтларда Россия ва Беларусь халқаро майдонда хавфсизлик ва ҳамкорлик масалаларига ҳам катта эътибор қаратаётганини таъкидлади. Россия раҳбарининг сўзларига кўра, у икки давлат ўртасидаги муносабатлар шу йўлда ривожланиб бораётганидан мамнун.
“Беларусь сўнгги ўн йилликлар давомида бир-биримизнинг манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда ҳамкорлик қилиб келаётган нафақат бизнинг яхши қўшнимиз, балки Беларус, албатта, сўзнинг тўлиқ маъносида бизнинг иттифоқдошимиздир”, дейди Путин.
Россия раҳбарининг сўзларига кўра, 2021 йилда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми учдан бир қисмга ошиб, 38,5 миллиард долларга етган, жорий йилнинг 10 ойида эса яна 10 фоизга ошган.
"Бу ҳам жуда яхши. Агар ўтган йили рекорд ўрнатган бўлсак, бу йил бизда янги рекорд бўлади, дейишга асос бор. Катта эҳтимол билан товар айирбошлаш бўйича 40 миллиард доллар даражасига чиқамиз", дейди Президент. .
Путиннинг сўзларига кўра, Москва ва Минск ўртасидаги бугунги музокаралар икки давлатнинг биргаликдаги фаолиятининг айрим натижалари сарҳисоб қилинадиган, муҳокама қилиниши керак бўлган масалалар ечими топиладиган платформага айланиши керак.
LiveБарчаси