Путин қароргоҳига ҳужум: на из бор, на қурбон...
Таҳлил
−
03 Январь 3023 4 дақиқа
Украина Янги йил арафасида 91 та дрон билан Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 29 декабрга ўтар кечаси Украина Россия Президенти Владимир Путиннинг Новгород вилоятидаги давлат резиденциясига 91 та учувчисиз учиш аппарати (дрон) орқали ҳужум қилишга уринган. Барча дронлар йўқ қилинган. Жабрланганлар ёки моддий зарар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Лавровнинг айтишича, ушбу ҳужумни инобатга олган ҳолда Россиянинг тинчлик музокараларидаги позицияси қайта кўриб чиқилади, бироқ Москва АҚШ билан музокаралар жараёнидан чиқиш ниятида эмас.
Воқеа тафсилотларининг қизиқ томони шундаки, ҳужум вақтида Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШнинг Флорида штатида жойлашган Мар-а-Лаго қароргоҳида мавқедоши Дональд Трамп билан Тинчлик музокараларини муҳокама қилаётганди. Икки Президент музокараларни ёпиқ эшиклар ортида олиб борган. Шундан сўнг, Зеленский Киев ва Вашингтон ўртасида Флоридада бўлиб ўтган музокараларда у таклиф қилган 20 банддан иборат тинчлик режасининг 90 фоизи келишиб олинганини айтди.
Музокаралардан сўнггина ҳужумдан “хабар топган” Владимир Зеленский Лавровнинг баёнотини ёлғон деб атаб, буни Россиянинг Киевдаги ҳукумат кварталига зарба бериш режалари билан боғлади.
“Россияликлар бу урушни тугатишни истамайди. Қандайдир резиденция ҳужумга учради деган баёнот билан улар фақат пойтахт ва давлат биноларига зарба бериш учун замин тайёрлаяпти”, деди Зеленский.
Зеленский Лавровнинг баёнотини АҚШ Президенти Дональд Трамп билан ўтган музокаралар билан боғлади.
“Руслар учун биз билан Америка ўртасида жанжал бўлмаса – ҳолбуки, бизда илгарилаш бор – бу улар учун мағлубият. Чунки улар бу урушни тугатишни истамайди”, деди у.
Украина Президентининг фикрича, Москва бундай баёнотлар орқали Киев ва Вашингтон ўртасидаги тинчлик музокараларида эришилган илгарилашни издан чиқаришга уринмоқда. У Дональд Трампни Россия таҳдидларига муносиб жавоб беришга чақирди.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида Россия томонининг гўёки бўлиб ўтган ҳужум ҳақидаги сўзларини “манипуляция” деб атади. Унинг таъкидлашича, бу баёнотлар “ягона мақсад билан – Россиянинг Украинага қарши кейинги ҳужумларини оқлаш ва тинчлик жараёнини издан чиқариш учун” ўйлаб топилган. Унинг айтишича, бу одатий Россияга хос тактика: ўзинг қилаётган ёки режалаштираётган ишда бошқани айблаш.
Украина вазири 2025 йил бошида Россия Қуролли кучлари Украина ҳукумат биносига зарба берганини эслатди. Унга кўра, Украина Қуролли кучлари Россия ҳудудида ҳокимият биноларига эмас, фақат қонуний ҳарбий нишонларга зарба беради. Ўз навбатида, Россия Президенти Владимир Путин Дональд Трампга Украина томонидан Новгород вилоятидаги давлат резиденциясига дронлар орқали ҳужум қилишга уриниш бўлгани ҳақида маълум қилган. Путиннинг ташқи сиёсат масалалари бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, ушбу “ҳужум” Мар-а-Лаго музокараларидан сўнг дарҳол содир этилган.
31 декабрь куни АҚШ Марказий разведка бошқармаси вазиятга ойдинлик киритди. Украинани Россия Президенти Владимир Путиннинг Новгород вилояти – Валдайдаги қароргоҳига ҳужум қилишга уринган, деб ҳисобламаслигини билдирди. МРБ хулосасига кўра, 29 декабрга ўтар кечаси украин дронлари Путиннинг қароргоҳи жойлашган ҳудуд билан бир минтақадаги ҳарбий объектга зарба беришга уринган, бироқ ушбу объект қароргоҳга яқин жойлашмаган. АҚШ разведкаси Россия ҳаво ҳудудини ва унинг ҳудудига уюштирилаётган ҳужумларни сунъий йўлдошлар ва радарлар орқали кузатиш имкониятига эга. МРБ директори Жон Рэтклифф разведка хулосаларини АҚШ Президенти Дональд Трампга етказган. Орадан кўп ўтмай, Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида “New York Post” газетасининг таҳлилий мақоласига ҳавола эълон қилди. Унда Украина Путиннинг қароргоҳига зарба бермагани айтилган. Трамп ушбу ҳаволани мақола сарлавҳаси – “Путиннинг “ҳужум” ҳақидаги шов-шувли баёнотлари айнан Россия тинчликка тўсқинлик қилаётганини кўрсатади” билан бирга жойлаштирди.
Энг сўнгги хабарларга кўра, Россия Президентининг қароргоҳига қилинган ҳужум ҳақидаги даъволарида қатъий турмоқда. Шу ўринда Россия Мудофаа вазирлиги Украина дронларининг Путин қароргоҳига ҳужуми ҳақида далиллар олганини даъво қилди ва уларни америкаликларга топширишга ваъда берди. Владимир Путиннинг Новгород вилоятидаги қароргоҳига ҳужум қилгани айтилаётган Украина дронларининг “махсус техник экспертизаси” давомида Россия махсус хизматлари вакиллари дронлардан бирига юкланган “парвоз топшириғи файлини” чиқариб олганини Россия Мудофаа вазирлиги 1 январь куни маълум қилди. Йўналиш маълумотларини таҳлил қилиш шуни кўрсатдики, Украина дронлари ҳужумининг якуний мақсади “Россия Президентининг қароргоҳидаги объектлардан бири бўлган”, деб таъкидлайди Россия ҳарбий идораси. Қўшимча қилинишича, бу маълумотлар Қўшма Штатларга юборилади.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасидаги ушбу видеорепортажни томоша қилинг.