Путин Пашиняннинг дардига қулоқ солди
Олам
−
27 Декабрь 2022
5216Россия Президенти Владимир Путин бугун, 27 декабрь куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Мулоқотда Жанубий Кавказдаги вазиятни тартибга солиш, Арманистон-Озарбайжон муносабатларини муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Россия раҳбари МДҲнинг норасмий саммити арафасида Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан уч томонлама суҳбат бўлиб ўтганини таъкидлади.
“Кеча биз [суҳбатни] бошладик ва учаламиз гаплашишга муваффақ бўлдик. Албатта, асосий масала – бутун Жанубий Кавказдаги вазиятни тартибга солиш, Арманистон-Озарбайжон муносабатлари, Қорабоғ билан боғлиқ ҳамма нарса”, дейди Путин.
Россия раҳбари, шунингдек, яқинда Россия-Арманистон ҳукуматлараро комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтганини эслатди.
“Ҳамкасбларим иқтисодиётимиздаги вазият жуда ижобий ривожланаётганини таъкидлади: жорий йилнинг ўн ойида товар айирбошлаш ҳажми 73 фоизга ўсди, бу яхши натижа”, дейди.
Пашинянга кўра, Озарбайжон ва Арманистонни боғловчи ҳамда 2020 йил 9 ноябрда тузилган уч томонлама сулҳга асосан Россия тинчликпарвар контингенти томонидан қўриқланадиган Лочин йўлаги 20 кундан бери Россия ҳарбий хизматчилари назоратида эмас, муаммони ҳал қилиш йўлларини излаш зарур.
“Айни пайтда энг муҳим масала – Лочин коридоридаги инқироз. Биласизки, у деярли 20 кундан бери тўсиб қўйилган", дейди республика Вазирлар Маҳкамаси раҳбари.
Унинг эслатишича, бу Тоғли Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар кучларининг масъулиятидаги ҳудуд.
“Эслатиб қўймоқчиманки, Россия Федерацияси Президенти, Озарбайжон Президенти ва Арманистон Бош вазирининг [2020 йил 9 ноябрдаги] уч томонлама баёнотига кўра, Лочин йўлаги Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида бўлиши керак. Озарбайжон Республикаси эса Лочин йўлаги бўйлаб йўловчилар ва юкларнинг тўсиқсиз ўтишини кафолатлади. Энди маълум бўлишича, Лочин йўлаги Россия тинчликпарвар кучлари назорати остида эмас. Албатта, мен бу вазиятни муҳокама қилмоқчиман”, дейди Бош вазир.
Пашинян, шунингдек, Путинга Санкт-Петербургда МДҲнинг норасмий саммитини ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди ва бундай учрашувлар яхши анъанага айланиб бораётганини қўшимча қилди.
Лочин йўлаги Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғлайдиган ягона йўлдир. 12 декабрь куни ўзларини экологлар деб таништирган бир гуруҳ озарбайжонликлар Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Лочин йўлагини тўсиб қўйди. Баку норозилик акциясидан мақсад йўлни тўсиб қўйиш эмаслигини, фуқаролик воситалари ҳар икки йўналишда ҳам эркин ҳаракатлана олишини билдирди.
Ереван буни Баку томонидан тан олинмаган республикада гуманитар фалокат яратишга қаратилган провокация сифатида баҳолади. Арманистон Бош вазири Пашинян ҳукумат йиғилишида маълум қилганидек, Тоғли Қорабоғда қамал туфайли озиқ-овқат тақчиллиги бошланган.
LiveБарчаси