Путин, Пашинян ва Алиев учрашуви қачон қаерда ўтказилиши айтилди
Олам
−
28 Октябрь 2022
3143Жорий йилнинг 31 октябрь куни Сочида Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян уч томонлама музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрь, 2021 йил 11 январь ва 26 ноябрдаги уч томонлама келишувларини амалга ошириш, Транскавказда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича кейинги қадамларни кўриб чиқиш режалаштирилган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, учрашувда савдо-иқтисодий ва транспорт алоқаларини тиклаш ва ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Кремлнинг қўшимча қилишича, Путин, Пашинян ва Алиев ўртасида ҳам алоҳида суҳбатлар ўтказиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, учрашув Россия томонининг ташаббуси билан ўтказилади.
Аввалроқ Арманистон Бош вазири саммит 31 октябрь куни Сочида ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилганди.
Бундан ташқари, бугун, 28 октябрь куни КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг тушунтиришича, тадбир бошқа нарсалар қатори уч томонлама учрашувга тайёргарлик кўриш доирасида ташкил этилган.
Қорабоғ уруши
1990-йиллар бошида минтақа қуролли можаро билан қамраб олинганди: Арманистон Озарбайжонга қарши агрессив ҳарбий ҳаракатларини бошлади, бу билан Озарбайжон ҳудудларини босиб олишга оид азалий режаларини амалга оширишга киришди. Мазкур режанинг марказий қисми Қорабоғни Озарбайжондан бир томонлама ажратиб олиш ва уни Арманистон таркибига қўшиб олиш бўлган. Натижада Арманистон мазкур минтақани, жумладан, Хўжали ва Озарбайжоннинг бошқа еттита туманини ишғол этди. Ушбу агрессиянинг оқибати сифатида уруш 30 минг инсоннинг бошига етди. Бир миллионга яқин озарбайжонликлар қочоққа ва мажбурий кўчманчига айланди, минглаб одамлар дом-дараксиз йўқолди.
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди.