Путин мухолифатчи Навальний нега қамоққа “ташланганини” айтди
Олам
−
13 Октябрь 2021
14366Россияда мухолифат етакчиси Алексей Навальний сиёсий фаолияти учун эмас, балки жиноятлари, шу жумладан мамлакатдаги чет эллик тадбиркорларга қарши содир этган ноқонуний ҳаракатлари учун қамоқда. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 13 октябрь куни энергетика ҳафталиги ялпи мажлисида айтиб ўтди.
“Сиз айтган айбланувчиларга келсак, улар сиёсий фаолият учун эмас, балки жиноятлари учун, шу жумладан Россияда ишлаётган чет эллик тадбиркорларга нисбатан содир этган жиноятлари учун қамоқхонада. Камига бир неча бор. Бундан ташқари, улар қонунни бузганликлари учун бир неча марта кечирилган ҳам. Бу якунда қандайдир оқибатларга олиб келиши керак эди”, дейди Путин.
Давлат раҳбари, шунингдек, сиёсий фаолият билан ўзини ҳимоя қилиб, бошқа жиҳатлар қаторида, иқтисодий афзалликларга эришиш учун ҳам жамиятнинг ишончини суиистеъмол қилмаслик керак, деган фикрни билдирган.
Маълумот ўрнида, Навальний ҳозирда қамоқда. Жорий йилнинг февраль ойида у “Ив Роше” иши бўйича 3,5 йилга қамалган. Бундан аввал, 2020 йил августда Алексей Томск шаҳрида заҳарланганди. Ўлишига бир бахя қолган Навальний бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.
LiveБарчаси