Путин МДҲдан долларни ҳайдамоқчи
Таҳлил
−
10 Декабрь 2022
195409 декабрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда Евроосиё иқтисодий иттифоқи саммити бўлиб ўтди.
Евросиё Иқтисодий Кенгашининг йиғилишида Россия Президенти Владимир Путин, Беларусь резиденти Александр Лукашенко, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров иштирок этди.
Иттифоқ саммитида кузатувчи давлат бўлган Ўзбекистон номидан Бош вазир Абдулла Арипов қатнашди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 декабрга мўлжалланган Қирғизистонга ташрифи қолдирилди. Ҳа, бу ташриф режаси ва унинг қолдирилгани ҳақида расмий Тошкент миқ этгани йўқ. Барча маълумотлар, ҳатто, Ариповнинг иштироки ҳақида ҳам Бишкекдан ўқидик.
Евроосиё иқтисодий иттифоқининг галдаги саммитида аҳамиятли жиҳат шундаки, бу Путиннинг Садир Жапаров президентлиги даврида Қирғизистонга амалга оширган биринчи ташрифи. У охирги марта Қирғизистонга 2019 йилда, ҳокимиятдан ағдарилган Президент Сооранбай Жээнбеков даврида келган эди.
У аэропортдан президентлик саройи томон махсус лимузинда ҳаракатланган.
Саммит давомида раҳбарлар умумий газ бозорини шакллантириш ва энергетика соҳасида идоралараро кенгаш тузиш, ЕОИИ маконида интеграцияни янада чуқурлаштириш, хизматларнинг ягона бозорини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, саммитда ҳужжатларнинг бутун тўплами ва Иттифоқнинг 2023 йилга мўлжалланган халқаро фаолиятининг асосий йўналишлари тасдиқланди.
Даставвал, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров нутқ сўзлаб, ЕОИИ раислигини қўш қўллаб Россияга топширишга, унга ёрдам беришга тайёр эканини айтди.
“Қирғизистоннинг ЕОИИга раислиги даврининг охирида мен Россия Федерациясига интеграцияни ривожлантириш ва ЕОИИни глобал иқтисодиётда илгари суриш бўйича масъулиятли миссияда муваффақиятлар тилайман. Мен биродар Россия томонига муваффақиятли раислик қилишни ва Қирғизистон унга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирмоқчиман”, дейди у сўзи аввалида.
Шунингдек, у Иттифоқнинг биргаликдаги мувофиқлаштирилган чора-тадбирлари натижасида озиқ-овқат танқислигининг олдини олиш мумкинлигини таъкидлаб, бунда иштирокчи мамлакатлар ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланишга ўтиш учун қарор қилгани муҳим аҳамиятга эга бўлганини айтди.
Россия Президенти Путин унинг гапларини тасдиқлар экан, 2022 йилда Иттифоқнинг беш мамлакатига мисли кўрилмаган иқтисодий босим бўлганини даво қилди. Лекин унинг айтишича, мамлакатлар босим шароитида ҳам қишлоқ хўжалигини, ишлаб чиқариш ва қурилиш соҳасидаги ҳажмларни кўпайтиришга муваффақ бўлган.
Шунингдек, Президентлар умумий газ бозорини ҳам муҳокама қилди. Энди имтиёзли ёқилғи тарифлари иқтисодий иттифоқнинг ҳар бир аъзосига муҳтож. Иттифоқ давлатлари раҳбарлари энди нафақат БАА билан, балки Ҳиндистон, Миср ва Индонезия билан ҳам эркин иқтисодий зоналарни яратишни жадаллаштиришни таклиф қилмоқда.
Саммитнинг энг ғаройиб нутқини шубҳасиз, Лукашенко ўқиди, десак муболаға бўлмайди. Унинг айтишича, коллектив Ғарб мамлакатларига сиёсий инқироз яқинлашиб келмоқда. Лукашенконинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси ва Беларусга қарши ўйчан санкциялар бекор қилинмоқда.
“Энди уларнинг оқибатларини тушуниш ва баҳолаш вақти келди. Энергетика ва озиқ-овқат инқирози ҳақидаги сўзлар аллақачон барча минбарлардан эшитилмоқда. Тез орада баъзи мамлакатларда бу икки инқирозга учинчиси – сиёсий инқироз ҳам қўшилиши мумкинлигини тахмин қилиш учун иштирокчи бўлиш шарт эмас. Аломатлар мавжуд. Бир қатор Ғарб давлатларида биринчи навбатда аҳоли ва бизнеснинг ички танқидий баҳолари тобора баландроқ эшитилмоқда”, дейди Лукашенко.
Шунингдек, Беларусь Президенти Александр Лукашенко доллар ҳукмронлиги даври ниҳоясига етаётганини айтди.
“Бирлашмамизнинг қон айланиш тизимини ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилаш керак. Мен молия ҳақида гапиряпман. Доллар ҳукмронлиги даври тугаётгани аллақачон ҳаммага аён. Келажак савдо блокларига тегишли бўлиб, уларда ҳисоб-китоблар миллий валюталарда амалга оширилади”, деган Лукашенко.
Унинг қайд этишича, Беларусь ва Россия базавий ҳисоб-китобларда аллақачон доллардан узоқлашган.
Евросиё Иқтисодий Иттифоқи мамлакатлари иттифоқ ҳудуди орқали товарларнинг транзитига чекловлар қўйилиши мумкин эмас. Буни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт айтди. Унинг кутилмаган фикрлари залда ўтирганларни ҳайрон қолдирди.
“Менимча, умумий божхона ҳудудимиз орқали транзит ўтаётган нафақат Қозоғистон, балки қозоғистонлик товарларнинг ҳаракатланишини чеклаш, квоталар ва ҳибсга олиш билан боғлиқ барча ҳолатларга барҳам бериш керак бўлади. Бундай чекловлар ЕОИИ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг мақсадлари ва руҳига мос келмайди”, деган у.
Қозоғистон Президенти транспортни кузатиш учун навигация муҳрларидан фойдаланиш тўғрисидаги битимнинг кучга киришини тезлаштиришни таклиф қилди.
“Бундай чора рақамлаштиришнинг интеграция жараёнларига ижобий таъсирининг яхши намунаси бўлиши мумкин. Ушбу шартномада кўзда тутилган давлат назорати чораларини оптималлаштириш иқтисодий иттифоқнинг тадбиркорлик ва транспорт ва транзит салоҳиятини сезиларли даражада кенгайтиради. Ушбу шартномани муддатидан олдин ратификация қилиш муаммони ҳал қилишга ёрдам беради деб ишонаман”, дея тушунтирди Токаев.
Қозоғистон Президенти, шунгингдек ЕОИИ мамлакатлари 2020 йилда Евросиё иқтисодий интеграциясини 2025 йилгача ривожлантириш стратегиясини қабул қилганини эслатди.
Путин нима деди дейсизми?
У Россия нефть нархининг жорий чегараси туфайли ҳеч қандай йўқотишларга дуч келмаслиги, аммо истеъмолчининг нархни белгилашга уринишлари инқирозга олиб келишини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Россия Ғарб давлатларининг нарх чегарасини жорий этиш қарорига жавобан чора-тадбирлардан бири сифатида нефть қазиб олишни қисқартириш имкониятини кўриб чиқмоқда.
“Бизнинг муносабатимизга келсак, мен аллақачон айтдим: биз бундай қарорларни қабул қиладиган мамлакатларга сотмаймиз. Ўйлаб кўрамиз, эҳтимол, мен ҳозир бу қарор деб айтмаяпман, агар керак бўлса, ишлаб чиқаришни қисқартириш имконияти ҳақида ўйлаймиз. Бизда ОПЕК+ билан ишлаб чиқариш мақсади бўйича машҳур келишувимиз бор. Агар керак бўлса, биз буни қўшимча равишда ўйлаймиз. Мен ҳозир Россияни назарда тутяпман”, дейди Путин.
Шу билан бирга, Россия раҳбари нефть нархини чеклаш қарорини аҳмоқона, зарарли ва нотўғри ўйланган деб атади.
Рублнинг барқарорлиги Россия федерацияси шерикларининг иқтисодиётига фойдали таъсир кўрсатаётгани, Россияда асосий маҳсулотлар билан боғлиқ муаммолар йўқлиги, Россия Федерацияси ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини яхши нархларда экспорт қилаётганини фахр билан тилга олди.
“Россия иқтисодиётидаги вазиятни жуда яхши деб атаб бўлмайди, рецессия мавжуд, аммо вазият кўплаб мамлакатларга қараганда яхшироқ”, деган у.
Шунингдек, у ЕОИИда ягона газ бозорини яратиш кераклиги ҳақида гапириб, бу иш яқин икки йилда амалга ошиши мумкинлигини билдирди.
Энг ажабланарлиси, Россия раҳбари саммит тугагач, журналистлар билан мулоқот қилиб, Бишкекдан ўзи учун майдон сифатида фойдаланди.
Масалан, у Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ соҳасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришиши мумкинлигини айтди.
"Уларни (газ бўйича ҳамкорлик бўйича қарорларни) албатта, топиш мумкин. Шу маънода, бу қандайдир энергетик иттифоқ бўлиши мумкин”, дейди у.
Унинг урғулашича, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик яхши истиқболга эга.
“Бу (газ соҳасидаги ҳамкорлик) яхши, катта, жуда истиқболли иш. Ва келажакка яхши истиқболлар бор. Биз ишлаймиз. Бу иш бошланди”, дейди давлат раҳбари.
У бундай ҳамкорлик экспертлар даражасида тизимли иш олиб бориш, ҳисоб-китоблар, молиявий мувофиқлаштириш ва ҳар бир давлатнинг сармоя киритишда иштирокини тақозо этишини таъкидлади.
“Айтганча, ҳамма тайёр. Бу қўшма ишни ҳамма хоҳлайди, ҳатто қўшма сармоя киритишга ҳам тайёр”, деди Путин.
Путин шунингдек, Украинадаги урушнинг, унинг таъбири билан айтганда “махсус ҳарбий операция”нинг бориши ҳақида журналистларга изоҳ берди.
Россия раҳбарига кўра, қўшимча сафарбарлик учун ҳеч қандай асос йўқ. 300 минг кишининг фақат ярми жанговар бўлинмаларга юборилган, қолганлари ― резервидаги машғулот майдончаларида ёки ўқув машғулотларида.
ЕОИИ саммитида Президентлар 15 та ҳужжатга имзо чекди ва Қирғизистон ЕОИИнинг 2023 йилги раислигини Россияга топширди.
LiveБарчаси