Путин Лукашенкони таваллуд куни билан табриклади

Олам 2531
image

Бугун, 30 август куни Россия Президенти Владимир Путин Беларусь Президенти Александр Лукашенкога қўнғироқ қилиб, уни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда Кремль Матбуот хизмати хабар берди

Қайд этилишича, икки давлат раҳбарларининг телефон орқали суҳбатидан олдин Путин Лукашенкога табрик телеграммасини юборган.

“Телефон суҳбати чоғида Россия Президенти Владимир Путин Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкони туғилган куни билан самимий табриклади. Икки томонлама ҳамкорликнинг айрим масалалари ва турли форматдаги бўлажак алоқалар муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.

Беларусь Президенти Матбуот хизматининг маълум қилишича, Александр Лукашенкони Россия раҳбаридан аввал Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон табриклаган. Шунингдек, Беларусь етакчисининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам телефон суҳбати режалаштирилган.

Маълумот учун, бугун 67 ёшни қаршилаган Александр Лукашенко 1954 йилнинг 30 август куни Беларусь ССРнинг Витебск вилоятида туғилган. У 1994 йилдан бери Беларусни бошқаради. Лукашенко шу вақтга қадар ўтказилган мамлакат президентлиги учун барча сайловларда (5 марта) ғалаба қозонган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 48
Рейтинг: 3
t
×