Путин Конституция бўйича овоз беришни ортга сурди
Олам
−
25 Март 2020
4821Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин “Россия Федерацияси Конституциясига киритилган ўзгартиришларни маъқуллаш масаласи бўйича умумроссия овоз бериш санасини кўчириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Фармонда мамлакатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, Россия Федерацияси фуқароларинингсаломатлигига хавф туғдиришдан қочиш учун мамлакат Конституциясига киритилган ўзгартиришларни маъқуллаш бўйича умумроссия овоз бериш санасини Президентнинг алоҳида фармони билан белгилаш кўзда тутилган.
Умумроссия овоз бериши жорий йилнинг 22 апрель куни ўтказилиши керак эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 январь куни Владимир Путин парламентга мурожаатида Конституцияга Президент ва Ҳукуматнинг ваколатлари бўйича ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди. Таъкидлаш керакки, Путин мурожаатидан кейин РФ Ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфо берганди.
Путин айтган таклифлар бўйича қонун лойиҳаси тайёрланганди. Унда аввало бир одам икки муддатдан ортиқ Россия Президенти лавозимини эгаллашини тақиқлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, Конституцияга пенсияларнинг мажбурий индексация қилиниши киритилади ҳамда иш ҳақининг энг кам миқдори яшаш минимумидан паст бўлмаслиги мустаҳкамланади.
Шунингдек, Россия Президенти ҳозирча қабул қилинмаган қонун бўйича мақоми белгиланадиган давлат кенгашини тузишга масъул бўлади.
Лойиҳада юқори лавозимли амалдорларга бошқа давлат фуқаролигига эга бўлишни тақиқлаш, Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларини тасдиқлашни Президентдан Давлат думасига ўтказиш ва федерация кенгашига судьяларни лавозимидан озод қилиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилган.
LiveБарчаси