Путин Қримни куч билан эгаллаб олганига 9 йил тўляпти
Таҳлил
−
16 Март 2023
6614Россия Президенти Владимир Путин Украинанинг аннексия қилинган Қрим яриморолини Россия Федерацияси таркибига қабул қилувчи қонунлар тўпламини имзолаганига ҳам тўққиз йил тўляпти. Аннексия қилинган Қрим билан бирга Россия ҳозирда Украина ҳудудининг қарийб 15 фоизини назорат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Москва ва Киев ўртасидаги муносабатлардаги инқироз узоқ йиллардан бери давом этиб келмоқда. 2013 йилнинг 21 ноябрида Украина пойтахтида норозилик намойишлари авж олганди. Халқнинг норозилигига россияпараст Президент Виктор Януковичнинг Европа Иттифоқи билан Ассоциация шартномасини имзолашдан бош тортгани сабаб бўлганди. 2014 йилнинг 22 февралида оммавий норозиликларнинг кучайиши фонида Янукович мамлакатни тарк этган ва ҳокимият ғарбпараст сиёсатчилар қўлига ўтганди.
Киевга янги маъмурият келиши билан россияпараст кучлар Қрим ярим оролида фаоллаша бошлаган. Украинадаги тартибсизликдан фойдаланган Россия Қримни аннексия қилиш режасини амалга оширишга киришган.
2014 йил 27 февраль куни “яшил одамчалар” деб аталувчи ҳеч қандай идентификация белгиси бўлмаган ҳарбий кийимдаги қуролланган шахслар яриморолдаги маъмурий биноларни ўз назоратига олган. Кўп ўтмай улар Қримнинг қонун чиқарувчи органи устидан ҳам назорат ўрнатган. 6 март куни россияпараст қуролли гуруҳлар босими остида Қрим парламенти Россияга қўшилиш бўйича референдум ўтказишга қарор қилган.
Сайлов бюллетенига иккита савол бор эди: “Сиз Қримни Россия Федерацияси субъекти сифатида Россия билан бирлаштириш тарафдоримисиз?” ва "Сиз Қрим Республикасининг 1992 йилги Конституциясининг тикланиши ва Қримнинг Украинанинг бир қисми сифатида мақоми тарафдоримисиз?"
Ҳудудда яшовчи қрим-татарлар эса парламент қарорига қарши чиқиб, ташаббусни бойкот қилган. Бироқ шунга қарамай, 2014 йил 16 март куни россияпараст қуролли отрядлар назорати остида ярим оролда “референдум” деб аталмиш сохта тадбир ўтказилган. Натижада ярим оролни Россия билан бирлаштириш тўғрисидаги Москва кутаётган қарор эълон қилинган.
Россия маъмурияти ярим орол бўйича “референдум” натижаларини дарҳол тан олди. Россия Президенти Владимир Путин 19 март куни Россия Федерацияси Федерал Мажлисига Қримни аннексия қилиш ва янги федерал округлар ташкил этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.
Россия Конституциявий суди ҳам Путиннинг илтимосига кўра навбатдан ташқари йиғилиш ўтказиб, қонун лойиҳасини мамлакат Асосий қонунига мос келишини маълум қилди. Кейин ҳужжат Россия Федерацияси Федерал Мажлисида маъқулланди. Фақат биргина депутат Илья Пономарёвгина қонунга қарши овоз берганди.
2014 йил 21 март куни Путин Қрим ва Севастополнинг Россия таркибига қўшилиши тўғрисидаги шартномани ва уларнинг Россия таркибига кириш тартиби тўғрисидаги федерал конституциявий қонунни ратификация қилиш ҳақидаги қарорни имзолади. Шу тариқа Қримнинг, жумладан Севастопол шаҳрининг ноқонуний аннексияси жараёни якунланди.
Бироқ жаҳон ҳамжамияти, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украина Қримининг ноқонуний аннексия қилинишини тан олмади. 2014 йил 27 мартда БМТ Бош Ассамблеяси Украинанинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб, Қрим ва Севастополни Украинанинг ажралмас қисми сифатида тан олди. БМТ Қримнинг аннексия қилинишини ноқонуний деб эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь