Путин Ғалаба парадидаги нутқини Украинадаги урушга бағишлади
Олам
−
09 Май 2022
13439Россия Президенти Владимир Путин бугун, 9 май куни Москвадаги Ғалаба парадида нутқ сўзлади. У нутқининг асосий қисмини Украинадаги урушга бағишлаб, Россиянинг Украинага бостириб кириши “мажбурий чора” эканлигини яна бир бор таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, йил бошидан бери Донбасда, Қримни босиб олиш учун жазо операциясига тайёргарлик Россия чегаралари яқинида очиқ давом этган ва Киев ядро қуроли яратилишини эълон қилган. Бу хақда “Deutsche Welle” маълум қилди.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия “тажовузкорларга олдиндан жавоб қайтарди”, у Москванинг ҳаракатларини “мажбурий, ўз вақтида қабул қилинган ва ягона тўғри қарор” деб атади.
Шунингдек, Путин америкалик фахрийлар Москвадаги парадда қатнашмоқчи бўлгани, бироқ уларга бу “тақиқлангани”ни таъкидлади. Бундан ташқари, Путин “ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг болаларини алоҳида қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаганини маълум қилди.
Шу билан бирга, Путин Россиянинг Украинага бостириб кириши билан боғлиқ қарорлар ҳақида ҳеч қандай баёнот бермади. Аввалроқ Ғарб сиёсатчилари ва таҳлилчилари Путин парадда Украинага қарши уруш эълон қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди, бироқ, буни Кремль ҳамон “махсус ҳарбий операция” ёки сафарбарлик деб атамоқда.
Эслатиб ўтамиз, ғарб матбуоти турли даражадаги сиёсатчиларга таяниб, 9 май куни Путин Украинага қарши расман уруш очиши ҳақида хабар тарқатганди.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси