Путин Эрдўған билан ядро қуролидан фойдаланишни муҳокама қилди
Олам
−
03 Ноябрь 2022
9551Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни ядро қуролидан фойдаланиш режаси йўқлигига ишонтирди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги Туркия етакчисининг матбуот котиби Иброҳим Калинга асосланиб хабар берди.
Иброҳим Калиннинг сўзларига кўра, ҳар икки Президент ўтган йилдан бери музокаралар олиб боряпти. Эрдўған Путинни “эскалацияни иложи борича камайтиришга” кўндиряпти.
Калиннинг айтишича, ҳозирча “томонларнинг ҳеч бири урушда ғолиб бўлиб кўринмаяпти”, чунки фронтда ўсиш йўқ.
Дипломат Туркия яна бир бор Россия ва Украинани музокараларга қайтишга чақириб, “бу вақт ичида қурбонлар сони ортиши ва йўқотилган ҳудудлар кўпайиши мумкинлигини айтиб ўтганини” қўшимча қилди.
Россия Президенти Владимир Путин мунтазам равишда ядро қуролидан фойдаланиш ҳақида баёнотлар бермоқда. 24 февраль куни уруш бошланиши муносабати билан русларга мурожаати чоғида у содир бўлаётган воқеаларга аралашишга қарор қилганлар “ўз тарихларида ҳеч қачон учрамаган” жавоб олишларига ваъда берганди.
Сентябрь ойида Путин ҳудудий яхлитликка таҳдид юзага келган тақдирда Россия “ихтиёридаги барча воситалардан” фойдаланишини айтган эди. Кўп ўтмай, Россия Украинанинг тўртта вилоятини аннексия қилди.
1 ноябрь куни Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Украинанинг барча ҳудудларини қайтариб олиши Россиянинг мавжудлигига таҳдид эканлигини айтди.
2 ноябрь куни “The New York Times” газетаси АҚШ расмийлари орасидаги манбаларга таяниб, россиялик генераллар октябрь ойида Украинада ядро қуролидан фойдаланиш вариантларини муҳокама қилгани ҳақида хабар берди. Шу билан бирга, нашрнинг таъкидлашича, ҳозирда Вашингтонда Россия зарбага тўғридан-тўғри техник тайёргарлик кўришни бошлагани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15