Путин дунё учун асосий хатарлар нима эканини айтди
Олам
−
22 Ноябрь 2020
18679Оммавий ишсизлик ва камбағаллик дунё учун энг катта хавф бўлиб турибди. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин видеоконференция шаклидаги G20 саммитида шундай фикр билдирди. Унинг баёноти Кремль сайтида эълон қилинди.
“Баъзи ижобий сигналларга қарамай, узоқ муддатли, “турғун” ишсизлик ва ижтимоий таъминланмаганлик дунёда энг асосий хатар бўлиб турибди ва “йигирматалик”нинг вазифаси бунга йўл қўймасликдир”, дея таъкидлаган Путин онлайн мурожаати вақтида.
У пандемия миллий иқтисодиётларнинг ўсишига жиддий путур етказганини, юз минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетгани ва миллионлаб одамларни ишидан маҳрум қилганини таъкидлади.
Путин пандемия ҳамда глобал локдаун ва иқтисодий активларнинг музлатилиши дунё “Буюк депрессия”дан бери дуч келмаган тизимли инқирозга сабаб бўлганини айтиб ўтди.
РФ етакчиси коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида вакцина барча учун мавжуд бўлиши керак, деган фикрни илгари сурди. Шунингдек, Россия вакцинага эҳтиёжи бор давлатларга препаратни етказиб беришга тайёрлигини қўшимча қилди.