Путин Думага Украина ҳудудлари бўйича қонунлар киритди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Давлат Думасига тан олинмаган ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларини Россия Федерацияси таркибига қабул қилиш тўғрисидаги федерал конституциявий қонун лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда ТАСС нашрига Давлат думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

“Донецк ва Луганск халқ республикалари (Ўзбекистон тан олмаган – таҳр.), Запорожье ва Херсон вилоятларининг Россия Федерацияси таркибига кириши тўғрисидаги тўртта федерал конституциявий қонун лойиҳаси Россия Федерацияси Президенти томонидан Давлат Думасига тақдим этилди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Ҳужжатга кўра, ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятлари Россия Федерацияси конституцияси ва қонунчилигига мувофиқ янги субъектлар – иккита республика ва иккита вилоятни ташкил этувчи Россия Федерацияси таркибига қабул қилинади.

Россия Федерациясининг янги субъектининг номи Россия Федерацияси Конституциясининг Россия ҳудудлари рўйхати келтирилган 65-моддасининг биринчи қисмига киритилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб янги ташкил этилган субъектларда бюджет қонунчилиги қўлланилади ва Россия рубли ягона пул бирлигига айланади. Шу вақтгача эса у ерда Украина гривнаси муомалада бўлади.

Давлат Думасининг Давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раҳбари Павел Крашенинниковга кўра, 2023 йил 1 июнга қадар янги республика ва вилоятларда федерал ижроия органларининг ҳудудий органлари ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида - 87,05 фоиз, ДХРда - 99,23 фоиз, ЛХРда - 98,42 фоиз.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

240

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг