Путин Бердимуҳамедовга “Ватанга хизматлари учун” орденини топширди. Қизиқ, қайси ватанга?

Олам 9206
image

Россия Президенти Владимир Путин кеча, 3 ноябрь куни Москвадаги йиғилишда Туркманистон парламенти юқори палатаси раиси, ушбу мамлакатнинг собиқ Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга IV даражали “Ватанга хизматлари учун” орденини топширди. 

Россия раҳбари бу жуда юксак мукофот эканлигини ва бу туркман сиёсатчисининг мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасига тўлиқ мос келишини таъкидлади. 

Владимир Путин Бердимуҳамедовни мукофотлаш тўғрисидаги фармонни жорий йилнинг август ойида имзолаган. Ҳужжатда айтилишича, мукофот Бердимуҳамедовга давлатлар ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун берилган. 

Туркманистонлик сиёсатчининг ўзи бу мукофотни Ашхобод ва Москванинг кўп йиллар давомида биргаликда босиб ўтган йўл ижодига берилган юксак баҳо ва эътироф сифатида қабул қилишини таъкидлади. 

Шунингдек, у мукофот олган кунни “тарихий” деб атади.  

“Ҳурматли Владимир Владимирович, бу мен учун катта шараф. Ҳатто айтмоқчиманки, одамда бундай кунлар кам бўлса керак. Мен учун бу, умуман, тарихий, аҳамиятли, чунки сиз мени Россиянинг жуда юқори давлат мукофоти билан тақдирладингиз”, дейди Бердимуҳамедов.  

Унинг қўшимча қилишича, мукофотни қўлга киритиш туркман ва рус халқлари ўртасида яхши қўшничилик ва ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор исботлайди.

Маълумот учун, "Ватанга хизматлари учун" ордени фуқароларни Россия давлатчилигини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, илмий-тадқиқот фаолияти, маданият ва санъатни ривожлантириш, улкан спорт ютуқлари, халқлар ўртасидаги тинчлик, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, мамлакатларнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун мўлжалланган.  

“Ватанга хизматлари учун” ордени 1994 йил 2 мартда Россия Федерацияси Президентининг 442-сонли фармони билан таъсис этилган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 219
Рейтинг: 2.9
t
×