Путин Байденга Россиянинг Марказий Осиёдаги ҳарбий базасидан фойдаланишни таклиф қилди  

Олам 11209
image_2021-07-17_19-04-14

Жорий йилнинг 16 июнь куни Женевада бўлиб ўтган саммитда Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Жо Байденга афғон йўналишидаги ҳаракатларни Москва билан мувофиқлаштиришни таклиф қилган. Бу ҳақда “Коммерсантъ” ўз манбасига таяниб хабар бермоқда

Маълум қилинишича, Владимир Путин Тожикистон ва Қирғизистондаги Россия ҳарбий базаларидан амалий мақсадларда фойдаланиш ташаббуси билан чиққан.

Қайд этилишича, бундай ҳамкорлик икки давлат ўртасида маълумотларни, шу жумладан учувчисиз самолётлар орқали олинган ахборотни алмашишга олиб келиши мумкин.

Ўз навбатида, АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ушбу хабар юзасидан изоҳ беришни рад этган.

Кремль вакили Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, Женевадаги музокараларда икки томон Афғонистон масаласини муҳокама қилган. 

Маълумот учун, Тожикистонда Россиянинг 201-ҳарбий базаси мавжуд. Ҳарбий базанинг қисмлари Душанбе ва Бўхтар шаҳарларида жойлашган. Қайд этиш керакки, 201-ҳарбий база Россиянинг чет элдан жойлашган энг йирик базаси ҳисобланади.  

Қирғизистонда эса Россиянинг “Кант” ҳарбий базаси мавжуд бўлиб, у мамлакатнинг Чуй вилоятида жойлашган. 2003 йилдан бери фаолият олиб бораётган ушбу ҳарбий базанинг таркибий қисмида Су-25 ҳужум самолётлари ҳамда Ми-8МТВ вертолётлари бор.
 
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳридаги “Ла Гранж” қасрида икки гегемон — Россия ва АҚШ раҳбарлари ўзаро 3 соатдан ошиқ музокара олиб борди. Ёпиқ эшиқлар ортида ўтган суҳбатда Россия ва АҚШ Президентлари стратегик барқарорлик ва қуролларни назорат қилиш бўйича келишиб олди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 491
Рейтинг: 2.9
t
×