Путин Алиевга қўнғироқ қилди. Қорабоғ яна муҳокама марказида
Олам
−
09 Апрель 2021
6348Кеча, 8 апрель куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилди. Улар суҳбат чоғида Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазият, Озарбайжон, Россия Президентлари ва Арманистон Бош вазирининг 2020 йил 10 ноябрь ва жорий йил 11 январдаги баёнотларига мувофиқ ҳолда вазиятни янада барқарорлаштириш масалаларини муҳокама қилган.
Озарбайжон Президенти Матбуот хизматининг хабарига кўра, суҳбат давомида минтақанинг тинчлиги, хавфсизлиги ва изчил ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, шунингдек, транспорт коммуникацияларини тиклаш бўйича ишларнинг бориши масалалари кўриб чиқилган.
Шу билан бирга, 7 апрель куни Москвада бўлиб ўтган Россия-Арманистон саммити йиғилиши натижалари ҳисобга олинган. Турли форматдаги алоқаларни фаоллаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Россия Президенти Матбуот хизмати саҳифасидаги хабарда ҳам айнан юқоридаги маълумотлар келтирилган.
Маълумот ўрнида, Тоғли Қорабоғдаги вазият ўтган йилнинг 27 сентябрида кескинлашди. 9 ноябрь куни Россия, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари 10 ноябрдан Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди. Россия тинчликпарвар кучлари Қорабоғ вилоятига юборилди.
LiveБарчаси