Путин Афғонистондаги вазиятдан хавотирда
Олам
−
07 Декабрь 2021
10959Россия Афғонистон яна терроризм, гиёҳванд моддалар, уюшган жиноятчилик марказига айланишидан хавотирда. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан Деҳлида бўлиб ўтган учрашувда сўз очган.
Путин музокараларда Москва Ҳиндистонни яқин сиёсий ҳамкори сифатида қарашини таъкидлаб, ўзаро муносабатларни “халқлари дўстона алоқага эга буюк давлатлар” дея таърифлаган.
Россия етакчиси давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларга тўхталар экан, жорий йилда икки томонлама савдо айланмаси катта ўсишга эришганини таъкидлаган.
“Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожланиб, мунтазам ўсиш эришмоқда. Агар ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш 17 фоизга қисқарганини кузатган бўлсак, жорий йилнинг тўққиз ойида ўсиш 38 фоиздан ошди”, дейди Россия раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, мамлакатлар ҳарбий соҳадаги алоқаларни ривожлантирмоқда, қўшма машғулотлар ўтказмоқда ва бу йўналишда бундан кейин ҳам ҳамкорликда ишлашда давом этади.
Россия раҳбари Москва ва Деҳли халқаро майдонда фаол ҳамкорлик қилишда давом этишини урғулади. “Биз, шубҳасиз, терроризм ва унга қарши кураш, шунингдек, гиёҳванд моддалар, уюшган жиноятчилик билан боғлиқ барча нарсалардан хавотирдамиз. Шу муносабат билан, албатта, Афғонистондаги вазият ва у қандай ривожланаётгани бизни безовта қилмаслигининг имкони йўқ”, дейди Путин.
Эслатиб утамиз, икки давлат раҳбарлари АК-203 моделини Ҳиндистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 590 млнд долларлик битим имзолади. Режага кўра, Ҳиндистонда 600 мингта Калашников автоматини ишлаб чиқарилади.
Барно Дусиярова
LiveБарчаси