Путин ҳарбий хизматга чақириқ тўғрисидаги фармонни имзолади
Олам
−
01 Октябрь 2022
12405Россия Президенти Владимир Путин Россия фуқароларини кузги муддатли ҳарбий хизматга чақириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборотнинг расмий порталида эълон қилинган.
“2022 йил 1 ноябрдан 31 декабргача Россия Федерациясининг 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, захирада бўлмаган ва муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлган фуқаролардан 120 минг кишини ҳарбий хизматга чақириш 2022 йил 1 ноябрдан 31 декабргача бўлган муддатда амалга оширилсин”, дейилади ҳужжатда.
Шу билан бирга, хизмат муддати тугаганларни муддатли ҳарбий хизматдан бўшатиш 1 октябрдан бошлаб амалга оширилиши кераклиги қайд этилган.
Бош штабда таъкидланишича, ҳарбий хизматга чақирилган фуқаролар Украинада “махсус ҳарбий операция”га жалб этилмайди, хизмат муддати тугаган барча чақирилувчилар эса ўз вақтида хизматдан бўшатилади ва яшаш жойларига жўнатилади. Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакатда 21 сентябрь куни эълон қилинган қисман сафарбарлик чақирилувчиларга тааллуқли эмаслигини айтмоқда.
Маълумот учун, ўтган баҳорги чақирув даврида 134 минг киши ҳарбий хизматга қабул қилинганди. Ўтган йилнинг кузида эса 127,5 минг киши армияга чақирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонни имзолади. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг сўзларига кўра, 300 минг киши, биринчи навбатда, жанговар тажрибага эга ва қўшинлар учун зарур бўлган ҳарбий рўйхатга олиш ихтисослиги бўйича сафарбар қилинади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь