Кремль “ҳамласи“: Путин Россияси Қримни қандай қилиб “босиб“ олганди?

Таҳлил 37863
image

2013-2014 йилларда Россияга қўшни Украинада сиёсий вазиятнинг издан чиқиши ким учундир қўл келди. Натижада Россия Украинанинг Қрим яриморолини ўзига қўшиб олди. Ғарб давлатлари расмий Москва яриморолни аннексия қилди деб баҳолади.

Қрим аннексияси – Иккинчи Жаҳон урушидан бери Европада илк марта қайд этилган бир давлат иккинчи давлат ҳудудини ўзига қўшиб олиши. Ушбу воқеага ҳам 7 йил тўлибди. Қуйида Россиянинг Қримни ўз таркибига қўшиб олишида амалга оширган сиёсий тактикалари, Украина Президентининг эвакуация операцияси ҳамда яриморолнинг Россияга келтирган “фойдаси” тўғрисида сўз боради.

2014 йил. Украина. Мамлакат пойтахти Киев марказида аланга олган “Евромайдан” инқилоби тугади. Февраль ойи охирига келиб, Ҳукумат истеъфо берди, Президент Янукович эса қочиб кетди. Ўша заҳотиёқ Украина Олий Радаси (парламенти – таҳр.) бир қатор қарорлар қабул қилди. 

Хусусан, Президент Янукович мамлакат Консититуциясига зид равишда Украина халқи олдидаги бурч ва вазифаларидан воз кечгани, навбатдан ташқари президентлик сайлови 2014 йилнинг майида бўлиши ва давлат раҳбари ваколатлари вақтинчалик парламент спикери Александр Турчинга ўтганлиги тўғрисида қарорлар қабул қилинди. 

Янукович қаерга қочди?

2014 йилнинг 22 ва 23 февраль кунлари Россия махсус хизматлари томонидан Украина Президенти ва унинг оиласини эвакуация қилиш бўйича операция ўтказилди ва улар Киевдан Қримга кўчирилди. Шундан сўнг, Президент Янукович сирли равишда Россияга олиб кетилди. Украинада юз берган ушбу воқеалар Россия томонидан давлат тўнтариши деб баҳоланган бўлса, Янукович ўзини Украинанинг қонуний Президенти, деб ҳисоблашда давом этарди. 

Путинга хат

Россияда бўлиб турган Янукович ҳарбий ёрдам сўраб, Путинга хат ёзади. Хатда ёзилишича, Украинада бошбошдоқлик авж олган, айниқса жануби-шарқий қисм танг аҳволда. Шунингдек, Януковичнинг хатида Ғарб давлатларининг таъсири остида Украинада террор ва зўравонлик авж олгани қайд этилган.

“Шу сабабли мен Россия Президенти Владимир Владимирович Путинга Россия Федерацияси Қуролли Кучларидан Украинада қонунийликни, тинчликни, барқарорликни ва аҳоли ҳимоясини таъминлаш учун фойдаланишни сўраб мурожаат қиламан”, дейилади Януковичнинг Путинга йўллаган хатида. 

Ўхшамаган тактика

2014 йилнинг 1 март куни ёзилган Януковичнинг хати Россия томонидан БМТга тақдим қилинди. 3 март куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўз олган Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин Украина Президентининг хатини кенгаш эътиборига ҳавола этди. 

Ушбу хат Россия қўшинларининг Украинага кириши қонунийлигини таъминловчи йўлланма бўлиши керак эди. Бироқ ушбу кенгашда иштирок этаётган Украина вакили хатнинг ноқонуний эканлигини айтиб, Украина Конституциясига кўра, мамлакатга чел эл қуролли кучларининг киришига фақат Олий Рада (парламент) рухсат бериши мумкинлигини таъкидлайди. 

Гап шундаки, Президент Янукович мамлакатдан қочиб кетганидан сўнг, Украинада қолган сиёсатчилар 2010 йилги мамлакат Конституциясини 2004 йилгисига ўзгартиради. Тарих гувоҳки, бу урунишлар Путинга ҳалақит бера олмади. Россия қўшинлари, аллақачон Украинада эди. Президент Януковичнинг хатини БМТга тақдим қилиш орқали, шунчаки Украинага Россия қўшинларининг киришига қонуний тус бериш мақсад қилинган эди.

“Яшил одамчалар”

“Яшил” одамчалар ёки “меҳрибон” инсонлар – ҳеч қандай белгиси ва ёзуви бўлмаган формалар кийиб олган, оғир қуролланган аскарлар. Ушбу термин 2014 йилнинг февралида Қримда кенг тарқалди. 

Ном-нишонсиз, бирор белгиси бўлмаган аскарлар қаердан келганини Қрим аҳолиси яхши билар эди ва уларнинг фикрига кўра “меҳрибон” инсонлар айнан Россия Қуролли Кучларининг аскарлари бўлган.

“Яшил” одамчалар 2014 йилнинг февраль ойида Қримда жойлашган Украина ҳарбий базалари ва стратегик муҳим жойларни тўлиқ эгаллаб олди.

Ёлғончи Путин

2014 йил 4 март. Путин журналистлар билан учрашув ўтказди. Ўшанда журналистлардан бири Қримдаги аскарлар Россияникими, деб Путинга савол берди. 

Путин эса рад жавобини бериб, журналист назарда тутаётган аскарлар маҳаллий ўзини-ўзи ҳимоя қилиш кучлари эканини таъкидлайди.

Бироқ орадан бир йил ўтар-ўтмас, омма эътиборига 2014 йилги Қрим воқеаларига бағишланган “Қрим. Ватанга йўл” номли фильм намойиш қилинади. Ушбу фильмда кўриниш берган Путин Қримда Россия Қуролли кучларидан кенг миқёсда фойдаланилганини тан олади.

“Қонуний” референдум 

2014 йилнинг 16 мартида Қримда умумхалқ сайлови ўтказилди. Ўша вақтда ҳали Украинанинг маъмурий бирлиги бўлган Қрим Автоном Республикасининг тақдири ҳал қилинди. Сайлов натижаларига кўра, 96 фоиз қримлик яриморолнинг Россия таркибига қўшилиши учун овоз берган. 

Бироқ ушбу референдумни БМТ ҳам, Украина ҳам тан олмайди ва ноқонуний деб ҳисоблайди. Нега? Гап шундаки, биринчидан сайлов Украина Конституциясига зид тарзда амалга оширилган, яъни автоном республиканинг мамлакат таркибидан чиқиб кетиши учун бутун Украина бўйлаб сайлов ўтказилиши керак бўлган. Қрим масаласи эса фақат яриморолнинг ўзидан ҳал қилинган. 

Иккиничидан, юқорида Путиннинг ҳам ўзи тан олганидек, ушбу сайловнинг бориш жараёнида Қрим бутунлай Россия ҳарбийлари томонидан эгаллаб олинган эди. Дунё ҳамжамиятининг фикрича, сайловлар ўзга давлат армияси таъсири доирасида ўтказилмаслиги керак.

Учинчидан, ушбу сайловлар боришида бирор бир халқаро ташкилот кузатувчи бўлиб иштирок этмаган. 

Қрим Россия таркибида

2014 йилнинг 16 мартида ўтказилган референдум Россия фойдасига ҳал қилинди. Кейинги қадам ўша йилнинг 18 март куни ташланди. Россия Федерацияси ва Қрим Республикаси ўртасида шартнома имзоланди. Унга кўра, Қрим яримороли Россия таркибига олинди. Россия томонидан ушбу ҳужжатни Путин, Қрим томонидан эса Вазирлар Кенгаши вакили Сергей Аксенов ва Владимир Константинов имзолади.

Қрим неча пулга тушди?

Қримни ўз таркибига қўшиб олган Россия 27 минг квадрат километр ер ва 2 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлди. Лекин чиқимлар анча йирикроқ кўриниш олди. 

Иқтисодчи Сергей Алексашенкога кўра, Қрим ҳар доим молиявий кўмак талаб қилувчи ҳудуд бўлган: СССР таркибида ҳам, Украина таркибида ҳам.

“Россияга қўшилганидан сўнг, Қрим ҳеч қандай мўъжиза кўрсатгани йўқ. Ҳудудда иқтисодий асос яратиши мумкин бўлган улкан олтин ёки углеводород конлари топилган ҳам эмас. Шу сабабли ҳатто мавжуд бюджет ва коммунал хизматларни сақлаб қолиш учун Россия Молия вазирлиги шошилинч равишда биргина 2014 йилда яриморол учун 55 миллиард рубль ажратган бўлса, шундан сўнг ушбу сумма фақат ўсишда давом этмоқда”, дея тушунтириш берган иқтисодчи Алексашенко.

Маълумотларга кўра, 2014-2019 йилларда ушбу яриморолга Россия Молия вазирлиги умумий ҳисобда 1,5 триллион рубль ажратган. 

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу ерда Қримнинг Россияга қўшилишини ноқонуний, деб топган Ғарбнинг “меҳнатларини” ҳам эсдан чиқармаслик керак. 

“Bloomberg”нинг маълумотларига кўра, 2014-2019 йиллар оралиғида айнан Қрим сабаб Россия иқтисодиёти 150 миллиард АҚШ доллари йўқотган. Қрим эгалланганидан сўнг, Россияга қўйилган санкциялар, бунинг натижасида тўғридан-тўғри инвестициянинг камайиши, Россия нефтига таъсир ва яна бошқа омиллар нафақат мамлакат иқтисодиётига, балки аҳоли турмуш даражасига ҳам яхшигина зарба берган. Аҳолининг ўртача даромади 30 минг рублдан ошмай келди. 2014 йилдан бери санкцияга тушган Россия компанияларининг сони эса 4 баробарга кўпайиб, 700 дан ошиб кетган. 

Қрим кўприги

Қримни ўз таркибига қўшиб олганидан сўнг, Россия олдида чиқимлар кўпайишда давом этмоқда. Шулардан бири аср лойиҳаси деб кўрилган – Қрим кўприги. Қрим туфайли Украина билан алоқалари совуқлашган Россия ушбу яриморолга энди Украина ҳудудидан ўта олмасди. Ечим сифатида эса кўприк қурилди. 

Узунлиги 19 км бўлган ушбу кўприкда ҳам автомобиль, ҳам поезд ҳаракатлана олади. Қрим кўприги Россия қурган энг узунидир. Унинг бюджети 227 миллиард рублни ташкил этди. 2018 йилда автомобиль қатнов линияси ишга тушган бўлса, 2019-2020 йилларда поезд қатнов линияси ҳам очилди. 

Тарихан Қрим кимга тегишли бўлган?

Россия томони бошқа ҳудудлар билан бўлгани каби доим Қрим масаласининг тарихий омилига эътибор қаратиб келган. Уларнинг иддао қилишича, 1783 йилда Екатерина II Қримни Россия Империясига қўшиб олган ва айнан улар яриморолнинг энг йирик порт-шаҳари Севастополга асос солган. СССР ташкил топганида ҳам Қрим Россия СФСРнинг таркибида бўлган. 

Бироқ 1954 йилда СССР раҳбари Никита Хрушев даврида ушбу орол Украинага берилди. СССР қулаганидан сўнг ташкил топган мустақил республикалар 1991 йилда бир-бирининг чегараларини тан олди.

2014 йилда Қримнинг эгалланиши бир қатор халқаро ҳужжутларнинг бузилиши ҳам эди. Хусусан, БМТнинг Низоми, 1975 йилда имзоланган Хельсинки якунловчи акти, 1994 йилда имзоланган Украина хавфсизлигининг кафолати номли Будапешт меморандуми ҳамда 1997 йилда Россия ва Украина ўртасида имзоланган Дўстлик ва шериклик тўғрисидаги шартнома.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, дунё ҳамжамияти тан олмасада, мавжуд қонунларга зид бўлсада, Қрим мана 7 йилдан бери Россия таркибида қолмоқда. Бу билан балки Россия қайсидир маънода стратегик ва геосиёсий жиҳатдан муҳим ҳудудни ўзига қўшиб олганини ғалаба деб ҳисоблаши мумкин, лекин бу билан рақиблари сони яна биттага кўпайди, иқтисодиёти ҳамда аҳолиси бундан жиддий зарар кўрди. Ундан ташқари Қрим воқеасидан Россияга қўшни бўлган бошқа давлатлар ҳам ўзига яраша хулоса чиқариб, сергак тортган бўлса ажаб эмас.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 947
Рейтинг: 2.9
t
×