Путин ҳам Будапештда вақтни беҳуда ўтказишни хоҳламайди – Песков
Олам
−
22 Октябрь 4391 1 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин ҳам, АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам шахсий мулоқотларда вақтни беҳуда сарфлашни хоҳламайди. Икки лидер учрашувларни самарали ўтказиш тарафдори. Бу ҳақда Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ раҳбарининг кечаги баёнотига изоҳ бераётганида маълум қилди.
Трамп аввалроқ Будапештда “вақтни беҳуда сарфлаш нияти йўқлигини” айтган эди.
“Ҳеч ким вақтни беҳуда йўқотишни хоҳламайди, на Президент Трамп, на Президент Путин. Бу икки Президент самарали ва натижавий ишлашга ўрганган раҳбарлар. Аммо самарадорлик ҳар доим пухта тайёргарликни талаб қилади”, деди Песков.
Кеча, 21 октябрь куни Дональд Трамп Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда Россия Президенти Владимир Путин билан Будапештда учрашиш ҳақида ҳали қарор қабул қилмаганини билдирди. У икки кун ичида аниқ жавоб беришини айтди.
“Мен вақтни беҳуда сарфлашни хоҳламайман”, деди АҚШ Президенти.
16 октябрь куни Россия раҳбари билан телефон орқали мулоқотдан сўнг Трамп Путин билан Будапештда учрашиш нияти борлигини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, саммит икки ҳафта ичида бўлиб ўтиши мумкин. Бироқ 21 октябрда Ғарб оммавий ахборот воситалари “юқори лавозимли манбалар”га таяниб, АҚШ ва Россия Президентлари саммитига тайёргарлик “вақтинча тўхтатилгани” ҳақида хабар берди.
Live
Барчаси