ПСЖ президенти Мбаппенинг келажаги ҳақида гапирди
Спорт
−
07 Июнь 2021
5596Франциянинг ПСЖ клуби ёш ҳужумчиси Килиан Мбаппени сотиш ниятида эмас. Бу ҳақда клуб хўжайини Носир ал-Хелайфи журналистлар билан учрашувда айтиб ўтди.
“Мен ишонч билан шуни айтишим мумкинки, Килиан бу мавсум ҳам жамоада қолади. Биз уни ҳеч қачон сотмаймиз, бу ҳақида ўйламаймиз ҳам. Кетадиган бўлса ҳам асло текинга кетмайди, клуб унинг ортидан фойда олиши керак, ахир у юлдуз футболчи.
Бу ер Париж, бу унинг ватани. Унинг вазифаси шунчаки футболчи бўлиш эмас, балки ватани футболини ҳамда пойтахтини тарғиб қилишдир”, деган Хелайфи.
Клуб президенти Мбаппенинг шахсий истаклари иккинчи даражали эканини таъкидлаб, уни футболчи ва инсон сифатида фантастик йигит деб таърифлаган.
“Келгуси йилларда унинг “Олтин тўп”ни ютишига 100 фоиз аминман. У доим ғалаба қозонадиган ҳамда ютуқлар ютишга одатланган клубга ўтгиси келиши табиий, албатта. ПСЖ ҳам худди шундай жамоа, биз унга керакли барча нарсани муҳайё қилиб бера оламиз. Муҳими масъулият билан тўп суришдир”, дейди президент.
Эслатиб ўтамиз, Килиан Мбаппе 2018 йили “Монако”дан ПСЖ сафига 145 миллион евро эвазига кўчиб ўтган эди. Унинг айни дамдаги трансфер суммаси 160 миллион евро деб айтилмоқда.
Абдулла Маннонов
LiveБарчаси