PSY коронавирусни оммага тарқатишда айбланмоқда

Маданият-санъат 18127
image

Жанубий Корея расмийлари машҳур хонанда PSY’нинг мамлакатда давом этаётган концертлари юзасидан текширув ўтказади. Гап шундаки, PSY’нинг концерти шоу элементларидан бири томошабинлар устига кўп миқдорда сув пуркалиши бўлиб, кўплаб томошабинлар бунинг оқибатида коронавирусга чалинганларидан шикоят қилган. Бу ҳақда “Korea JoongAng Daily” нашри хабар берди. 

Корея Республикаси “Хавфсизлик ва табиий офатларга қарши курашиш бошқармаси” вакилининг сўзларига кўра, расмийлар концертлардаги вазиятни ўрганиш ва ташкилотчиларнинг хатти-ҳаракатлари жамоатчиликка қўшимча хавф туғдиришини аниқлаш устидан суриштирув ишларини бошлаган. Ҳозирча расмийлар оммавий тадбирларда ташкилотчиларни томошабинлар устига сув пуркаш амалиётидан воз кечишга чақирган.

Қайд этилишича йиғилган томошабинлар устидан сув пуркаш жараёни PSY’нинг ёзги гастролларида ўзига хос хусусият ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, ҳар бир концертда бунинг учун 300 тоннагача ичимлик суви сарфланган. Гастроль доирасида 44 ёшли хонанданинг август ойида Жанубий Кореянинг турли шаҳарларида яна тўртта концерти бор, бироқ уларнинг тақдири энди маҳаллий ҳокимият органлари қарорига боғлиқ бўлади.

Хонанданинг асл исми Пек Че Сан бўлиб, PSY унинг тахаллуси. 2012 йил PSY томонидан куйланган “Gangnam Style” қўшиғига ишланган клип YouTube тарихида бир миллиард маротаба кўрилган илк видео ҳисобланади (Ҳозирда 4.4 миллиардга етган). “Gentleman” номли қўшиқ учун ишланган клип эса 24 соат ичида энг кўп маротаба кўрилган видео сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган. 

Маълумот ўрнида, Жанубий Кореяда коронавирус билан кунлик касалланиш ҳолатлари июль бошидаги 10 000 нафарлик кўрсаткичдан 27 июль куни 100 000 нафарлик чегарага етган.

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 600
Рейтинг: 3
t
×