Прописка тугади. Тошкентга “бегона”ларнинг алами-чи?
Интервью
−
21 Февраль
29062Бундай воқеалар Ўзбекистоннинг яқин тарихида жуда кўп содир бўларди. Бир ўзбекистонликнинг нафақат бир жойдан иккинчи жойга кўчиши, балки бирор мулк сотиб олиши, таълими, ҳатто даволаниши, қаергадир ишга кириши ҳам унинг паспортига, тўғрироғи “прописка”сига боғлиқ эди. Вилоятдан бўлган фуқаролар кечалари Тошкент кўчаларида нақ “овланарди”. Ўзбекистон деган мамлакатнинг фуқаролари ўз пойтахтига йўллардаги назорат пунктларида сўроқ-савол қилиниб, худди бошқа мамлакат ҳудудига кираётгандек кирар эди. Бу бугун Тошкентда эркин юриб, эркин яшаб, эркин ишлаётганлар учун эртакдек туюлар, аммо буларнинг бари ҳақиқат. Аччиқ ўтмиш. QALAMPIR.UZ Ўзбекистонда буткул бекор бўлиш арафасида турган “прописка”нинг мана шу ўтмишига назар ташламоқчи.
24 январь куни Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотган деб топилди. Яъни эндиликда Тошкент “прописка”си деган тушунча йўқ. Аммо қонунчиликдаги бу оддий ўзгариш одамлар ҳаётида ўчмас из қолдиришга улгурган.
Аслида “прописка” тарихи мустамлакачилик даврига бориб тақалади. 1925 йилда СССР ҳудуди бўйлаб “шаҳарлар ҳудудида яшовчи аҳолини прописка қилиш” тўғрисидаги декретга мувофиқ илк бор “прописка” деган тушунча ва атама расман муомалага киритилган. 1932 йилда СССР ҳудудида ягона паспорт тизими йўлга қўйила бошланганидан кейин прописка талаби қатъийлаша бошлади. Бу пайтда мустамлака остидаги ҳудудлар аҳолисининг кўпчилиги паспорт олмаган, қишлоқ аҳолиси шаҳарга бориб келиш учун ҳам қишлоқ советидан (сельсовет) ёзма рухсат олиши керак эди. Ана шундан бошлаб бу прописка деган бало одамлар турмушининг қийинлашишига сабаб бўла бошлади. Деҳқонлар ўз маҳсулотларини шаҳар бозорларига олиб кириши қийинлашди, савдо йўллари тўхтади ва қисқа қилиб айтганда одамлар наздида “шаҳар” ва “қишлоқ” деган айри ҳудудлар ўртасидаги фарқ катталаша бошлади. Шаҳарликка ҳамма шароитлар бор, шаҳарликлар тўкин, қишлоқликлар эса фақир яшашга мажбур эди. Бу совет иттифоқининг қачонлардир ўзи танқид қилган империалистик режимнинг крепостнойлик ҳуқуқини янгича шаклда йўлга қўйиши эди.
1974 йилга келиб, СССРда аҳолини паспорт билан тўлиқ таъминлаш йўлга қўйилди ва бу пайтга келиб паспорт ва “прописка” деган тушунчалар бир-бирига чамбарчас боғланиб қолди. Олдин асосий масала ишчи-деҳқонни ўз ҳудудида ушлаб туриш бўлган бўлса, эндиликда бу тизим ҳарбий аҳамият касб эта борди ва асосан мудофаа мақсадларига хизмат қила бошлади.
Ленинград, Москва каби шаҳарларда аҳоли сонини чеклаш мақсадида тўғридан тўғри “прописка”га ўтиш тақиқлаб қўйилди. Аммо шунда ҳам айрим имкониятлар сақланиб қолди. Масалан, бошқа ҳудуддан пойтахтга омадини излаб келган ишчи маълум лимит асосида аниқ белгиланган соҳада 10 йил муддат узлуксиз ишласа, “прописка”га киришга рухсат бериларди.
Тўқсонинчи йилларга келиб “темир деворлар” билан ўралган СССРда ҳам “прописка”нинг адолатсиз режим экани очиқ тан олинди. 1990 йил конституцион назорат қўмитаси “прописка” тизими инсон ҳуқуқларини чеклаш эканини тан олди ва 1991 йилда 1992 йилдан бошлаб бундай тизимга барҳам бериш бўйича қарор қабул қилди. Аммо бу давр келгунча иттифоқнинг ўзи тарқалиб кетди. Шунда ҳам қатор республикалар “прописка”дан воз кеча олишмади. Ўзбекистон ҳам. Халқаро ташкилотларнинг узлуксиз танқидларидан кейингина республикалар навбати билан бу тизимдаги чекловларни бекор қилишди. Ана шунда ҳам Ўзбекистон эмас. Бу тизим узоқ йиллар давомида барча соҳа вакилларини кўкрагидан итариб келди.
Барибир бир савол сира ўз жавобини тополмаяпти. СССР парчаланганидан кейин ҳам нега унинг сарқити бўлган “прописка” Тошкентда 30 йилдан ошиқ яшаб қола олди? Бунга 1999 йилги февраль воқеалари сабаб сифатида кўрсатилади. Шу йили Тошкентнинг турли қисмларида жами 6 та портловчи қурилма портлатилиб, содир этилган террорчилик ҳаракати негадир вилоятликлар бошига ташвиш олиб келди. Айни шу воқеадан кейин Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрига бошқа ҳудуддан келиб эркин “прописка” қилиш чекланди. Вилоятликлар Тошкент шаҳридан уй сотиб олиши, ҳатто бирон тошкентликдан ҳадя асосида қабул қилиши ҳам бекор қилинди.
Эндиликда вилоятлардан келганлар пойтахт республикасига рўйхатга қўйилиши учун Тошкент шаҳри ҳокимлиги қошида тузилган махсус комиссияга зарур ҳужжатларни топшириб, комиссиянинг ижобий хулосасини олганидан кейингина марҳамат қилиниб, ички ишлар органлари томонидан “прописка” қилина бошланди. Аммо бунинг учун Тошкентда яхшигина кўпинча ё зарингиз, ё зўрингиз бўлиши керак эди.
Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан кўра бирмунча яхши шароитлар, вилоятларга қараганда яхшироқ пул топиш имконияти, таълим олиш каби сабаблар вилоятликларни уларни истамаётган Тошкент шаҳрига етаклайверди. Аммо уларнинг пойтахтда юришига “ноқонуний” дея баҳо бериларди. Гарчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиши, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эгалиги ёзиб қўйилган бўлса ҳам.
Конституциянинг 28-моддасига қўшимча қилинган “Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир” деган қисми айнан “прописка”га тегишли бўлиб, бу вилоятликлар бошига яшаш ёки ишлаш истагида бўлган бошқа ҳудуд фуқароларига икки йўл қолди: “прописка”си бор қариндоши ёки таниши номига уй сотиб олиш, пойтахтга ёндош бўлган Тошкент вилояти туманларига “прописка”га кириш. 2010 йилдан бошлаб бу имкониятга ҳам барҳам берилди. 2011 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий “прописка” қилиниши лозим бўлган шахслар тоифалари тўғрисидаги қонунни имзолади ва шу қонунга кўра “прописка” тизими тартибга солиб келинди.
Бу тизим одамларни шу даражага олиб келдики, Тошкент шаҳрида қалбаки никоҳлар кўпайиб кетди. 2020 йилда “Тараққиёт стратегияси” “прописка” тизимидаги ўзгаришларга изоҳ берар экан, “Сохта никоҳлар олди олинади” деган эди. Яъни Тошкент “прописка”сига киришнинг энг ишончли усулларидан бири бирон тошкентлик билан оила қуриш эди. Ўз бошидан ўтганлари ҳақида ёзган журналист Аброр Зоҳидов ҳам “прописка” сабаб ота-онасини ажраштиришга мажбур бўлгани ҳақида ёзади.
Энди бу тизимнинг бекор бўлиши ҳақида гаплашамиз. Аслида биз айтаётган “прописка” амалдорларнинг ҳақиқатни англаб етгани учун эмас, фуқароларнинг якдиллиги, жамоатчилик фаоллиги натижасида бекор бўлган. Худди шундай, “прописка” Ўзбекистонда амалдорлар устидан жамоатчилик назорати ғолиб бўлган энг катта ютуқлардан биридир. 2018 йилда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Тошкент шаҳрига “прописка” қилиш масаласи қизғин муҳокама қилинди. Унда одамлар ва айрим депутатлар “прописка” туфайли дуч келган муаммоларни ёзишни бошлашди ва энг кўп фикр ва таклифлар билдирди.
Аммо 2021 йилда президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи “прописка”ни танқид қилиб чиқмагунича амалдорлар томонидан бу эътирозлар эътиборга олинмади. Ҳатто айрим депутатлар “прописка”нинг бекор қилинишига қарши чиқиб, агар “прописка” бекор қилинса, Тошкентни одам босиб кетади, деган баёнотлар билан ҳам чиққанди.
“Мен ҳаётимда кўп қийинчиликларни кўрганман. Уйсиз яшаш, уйланиб болам билан ижарама-ижара яшаш… Шунинг учун мен кўп уй қураман. Биламанки, бир пайтлар Тошкентда “прописка” олиш азоб эди, мумкин эмасди. Иккинчи қарорим, Тошкентда “прописка” олиш ҳаммага… Ўзларингиз ҳам сезяпсизлар, ҳозир Тошкентга борсангиз сизлар ҳам Ўзбекистон фуқаросисизлар. Нимага пойтахтда яшашингиз мумкин эмас? 10−15 йил институтда “кандидат наук” (фан номзоди – таҳр.) бўлмагунимча квартирам ҳам йўқ эди, “прописка”м ҳам йўқ эди. Битта айбим – Тошкентда туғилмаганим учун эди. Нима дегани бу? Адолат эмас-ку, бу”, деган эди президент.
Президентнинг ўзи ҳам “прописка”дан қийналганини айтганидан сўнг мўжиза содир бўлди десам, ишонасизми? Амалдорлар президентнинг таъкиди ортидан 180 градусга ўзгариб, “прописка” режимини очиқ ва кескин танқид қила бошласа денг.
Ё қудратингдан. Барча телеканалларда “прописка” танқид қилина бошланди, “прописка”ни жорий қилганларнинг ўзи ҳам энди олдинги сафларда уни ёмонлай кетди. Буларнинг барини эса жамоатчилик кузатиб, кулиб ўтирарди. 2020-2021 йилларда бу тизимни бекор қилиш учун фаоллар мансабдорлар билан, ҳатто ўзлари сайлаган депутатлар билан ҳам тортишган.
Даставвал Ички ишлар вазирлиги “прописка” сўзини “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” деб ўзгартириш йўлини танлади. Аммо амалда унинг моҳияти ўзгармаганди. Бироқ бу ҳам жамоатчиликнинг танқидига сабаб бўлгач, тизим ҳақида жиддий ўйлаш бошланди ва 2025 йилнинг 24 январига келибгина “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан тасдиқланди.
Бўлиб ўтган мажлисда “прописка” билан боғлиқ муаммолар одамларимизда узоқ йиллар норозичилик туғдиргани, бунинг оқибатида мутахассислар ўзлари хоҳлаган ташкилотда ишлаш, ўзлари истаган жойда яшаш ҳуқуқини амалга ошира олмай сарсон бўлгани, ўзи бу қарор бошданоқ хато бўлгани ва “прописка” туфайли одамлар ишдан ҳайдалгани айтилди.
Аммо масъулларнинг 30 йил ичида тўғрилаган бу хатоси ва унинг оқибатларини унутиш осон эмас. Бу “прописка” муаммосини бошидан кечирган шахсларнинг аччиқ ўтмиши бўлиб қолаверади.
“Прописка” Ўзбекистонда шунчаки йўқ бўлмаяпти. Ўз-ўзидан ворисини – маҳаллийчиликни ташлаб кетяпти. Бугун бир давлатнинг фуқаролари ўртасида Мен тошкентлик, сен вилоятлик деган тушунчалар, пойтахтдаги муаммоларга вилоятликларни айбдор қилиш каби ҳолатлар учрамоқда. Буларнинг ҳаммаси “прописка” тизимининг фарзандидир. Аммо ҳатто “прописка” йилларининг энг оғир кунларида ҳам Тошкентга ишлаш, яшаш мақсадида келганларга пойтахтнинг жонкуяр аҳолиси чин дилдан ёрдам берган.
Ўзим ҳам талаба эдим. Тахминан 2017-2018 йиллар. Битта квартирада уй эгаси билан 10 қиз яшардик. Биз 4 талаба ва ишлаш, пул топиш мақсадида келган ишчи қизлар, аёллар. Талаба бўлганимиз учун, бизда вақтинчалик “прописка” борлиги учун деярли бехавотир эдик. Аммо бошқа хонадошларимиз эшик тақиллаши билан кийим жавони, телевизор қутиси ичига ёки балконга яширинишга мажбур бўларди. Болаларини боқиш, Тошкентда кун кўриш мақсадида келган бу аёлларнинг кўзидаги қўрқув, хавотирни тасвирлашнинг имкони йўқ. Деярли ҳар ҳафта уйда ички ишлар ходимлари тинтув ўтказар, кўрпаларни йиқитиб, унинг ортидан ноқонунийларни изларди. Бир куни ходимлар ҳаммамизни кўчага ҳайдаб чиқарди. Ярим тун, биз 10 қиз кўчада шунчаки қолиб кетдик. Кўрпа тўшагимиз билан...
LiveБарчаси