Прокурорларнинг муҳим ваколатлари судларга бериляпти
Жамият
−
07 Февраль 2023
13897Ўзбекистонда тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судга ўтказиш кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони лойиҳасида айтилган.
Фармон лойиҳаси кеча, 6 февраль куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Фармон лойиҳасига кўра, Адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасида қўйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади:
• жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш;
Сўнгги 3 йилда фуқароларга тегишли 4 мингга яқин мулклар терговда хатланган бўлиб, ишни кўриш натижаси бўйича суд томонидан уларнинг атиги 1,3 мингтасига ундирув қаратилган, 2,7 мингта мулк тергов даврида ортиқча хатлангани сабабли, кейинчалик бекор қилинган.
• жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш.
Ҳозирда жиноят ишлари судларга фақат айблов хулосаси билан берилади, натижада судьяларда иш билан танишиш жараёнининг ўзида айбловга мойиллик пайдо бўлади. Жиноят процессида томонлар тенглигини таъминлаш мақсадида ҳимоячи фикрини ҳам судга киритиш белгиланади.
Мазкур бандда назарда тутилган масалалар бўйича тегишли қонун лойиҳаларининг Давлат дастурида белгиланган муддатларда ишлаб чиқилиб, киритилишини таъминлаш Олий суд раиси Бахтиёр Исламов), Адлия вазирлиги Акбар Тошқулов ва Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга юкланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь