Профилактика инспекторига ҳужум қилган икки киши ҳибсга олинди
Жамият
−
22 Февраль 2019
6778Тошкент шаҳар ИИББ ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига ҳужум қилган сурхондаёлик икки нафар эркакни қўлга олди. Бу ҳақда бошқарма Матбуот хизмати хабар берди.
“20 февраль куни Чилонзор тумани ИИО ФМБ 8-сон ички ишлар бўлими профилактика инспектори Катта Хирмонтепа маҳалласидаги кўп қаватли уйда яшовчи фуқароларнинг шикоятларидан хабар топиб, ушбу маҳаллага етиб борган. Фуқаролар қўшнисининг хонадонида олиб борилаётган таъмирлаш ишларидан қолган чиқиндилар уй ёнида тўпланаётганидан шикоят қилишарди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, илгарироқ профилактика инспектори бир неча бор таъмирлаш ишларини олиб бораётган ишчиларни атроф муҳитни ифлослантириш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 161-моддасига (шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш) асосан жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирган.
Аммо сурхондарёлик 32 ёшли Алишер Х. ва 26 ёшли Абдуллахон Х. унга қаршилик кўрсатишган.
Ҳозирги вақтда улар қўлга олинганлар. Ушбу факт асосида Чилонзор тумани Прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми бўйича (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) жиноий иш қўзғатилган.