Президентнинг жияни ҳибсга олинди

Олам

image

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси мамлакат Президенти Садир Жапаровнинг жияни Уланни ҳибсга олди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига таяниб, “Кактус” нашри хабар берди.

33 ёшли Улан Жапаров катта миқдордаги фирибгарликда айбланмоқда, суд уни тергов изоляторига жўнатган. Тергов маълумотларига кўра, давлат раҳбарининг жияни исми ошкор этилмаган шахсга уни Қирғизистон Президентининг мамлакат вилоятларидан биридаги ваколатли вакили лавозимига тайинлашни ваъда қилган ва бунинг учун гўёки 100 минг доллардан ортиқ маблағ олган. Бироқ у берган ваъдасини бажармаган.

Бу Улан Жапаровнинг сўнгги бир йил ичида биринчи ҳибсга олиниши эмас. 2023 йил июнь ойида у божхонадаги коррупцион схемаларда иштирок этганликда гумонланиб, республика ИИВ томонидан қўлга олинган. Кейинроқ у уй қамоғига қўйиб юборилди, иш эса судга юборилди. “24.kg” хабарига кўра, Улан Президентнинг амакиваччаси Рақимжон Жапаровнинг ўғли.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, бугун, 17 июль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг қариндоши ҳам фирибгарликда гумонланиб, ҳибсга олинган. У 11 августга қадар ҳибсда сақланади. Шунингдек, Қирғизистон парламенти депутати Тазабек Икромов Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроққа чақирилгани ҳақида хабар қилинди. Депутат қандай иш юзасидан сўроқ қилинаётгани ҳозирча маълум эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг