Президентнинг Сурхондарёга сафари Шарғун шаҳридан бошланди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 17 октябрь куни Сурхондарё вилоятига жўнаб кетгани ҳақида хабар берган эдик.

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига етиб келди.Таъкидлаш керакки, шу йилнинг 30 апрель – 1 май кунлари Давлат раҳбари вилоятга ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишди. Вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказиб, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган қисқа даврда мазкур топшириқлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Вилоятда 2019-2020 йилларда умумий қиймати 24 триллион 84 миллиард сўмлик 690 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали 15 минг 241 та иш ўрни яратиш белгиланган. Йилнинг ўтган даврида 552 тадан ортиқ лойиҳа учун 2 триллион 222 миллиард сўмдан зиёд маблағ жалб этилди. Қисқа вақтда қиймати 525 миллиард сўмликдан зиёд инвестиция лойиҳалари ишга туширилди. 2 мингга яқин иш ўрни яратилди. 

    

Президент ташриф доирасида Термиз шаҳридаги “ZIF TEXTILE” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб корхонанинг тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Берилган топшириқлар асосида корхонада 94 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, йилига 6 миллион дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 400 та янги иш ўрни яратилди.

Сариосиё тумани марказидан қарийб 60 километр олисда жойлашган Сангардак қишлоғи ва унинг атрофидаги ўндан ортиқ аҳоли пунктида хотин-қизларни иш билан таъминлаш учун беш ташаббус ижроси доирасида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти томонидан “Сангардак чеварлари” тикув-трикотаж мажмуаси қурилиб, ишга туширилди.

Енгил конструкцияли мажмуа чет элнинг замонавий тикув-трикотаж дастгоҳлари билан жиҳозланган. Кенг ёруғ цехлар, ошхона, тиббиёт, ювиниш ва бошқа зарур хоналар барпо этилган. Келгусида бу ерда мингдан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилиши учун барча шароит яратилган. Унинг дастлабки босқичида уч юз нафар хотин-қиз бир сменада тайёр кийим-кечак ишлаб чиқармоқда. Буюртмалар ошиб бориши билан қўшимча тикувчилар қабул қилиниб, иш икки сменада ташкил этилади. 

Вилоятда чорвачилик, балиқчилик, замонавий иссиқхоналар барпо этиш ва бошқа соҳаларда ҳам қатор лойиҳалар ўзлаштирилди. “Ёшлар-келажагимиз“, “Ҳар бир оила – тадбиркор“ дастурлари ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Туризм имкониятларидан самарали фойдаланишга эътибор кучайтирилди.

Вилоятнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, янги хизмат турларини кенгайтиришга тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш бўйича берилган топшириқ ижроси доирасида 103,7 миллион доллардан зиёд миқдордаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Мазкур лойиҳаларнинг асосий қисми саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга қаратилган.

  

Айни пайтда вилоят йирик қурилиш, бунёдкорлик майдонига айланган. “Обод қишлоқ“, “Обод маҳалла“, “Обод марказ“ дастурлари ҳудудлар қиёфасини тубдан ўзгартириб, одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашига муносиб шароит яратмоқда. Бунинг учун кенг, равон йўллар барпо этилиб, мавжуд кўп қаватли уйлар, таьлим, тиббиёт, маданият ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари реконструкция қилинмоқда, янгилари қурилаётир.

Шарғун – вилоятнинг кўмир, оҳактош, кумуш, фосфорит каби ноёб қазилма захираларига бой ҳудудларидан бири. Шарғун кўмир конини қайта тиклаш ва самарали фойдаланиш учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Хитой давлатининг Эксим банки томонидан ажратилган маблағлар эвазига 2021 йилгача йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бажарилиб, бу ердан йилига 900 минг тонна кўмир қазиб олиш йўлга қўйилади. 600 иш ўрни яратилади. Ҳозир конларни қайта тиклаш баробарида кўмир қазиб олиш ишлари ҳам давом этмоқда.

Шавкат Мирзиёев шу йил 30 апрель куни Шахтёрлар шаҳрига ташрифи чоғида Шарғун кўмир конини сифатли қайта тиклаш, Шарғун шаҳрининг қиёфасини тубдан ўзгартириш ва аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли топшириқларни берган эди. Мазкур вазифаларга мувофиқ олис ва тоғли шаҳарда йирик ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. “Обод марказ” Давлат дастури доирасида мавжуд кўп қаватли уйларни мукаммал таьмирлаш, замонавий янги турар-жой бинолари, кенг, равон йўллар барпо этиш, турли ижтимоий соҳа объектларини қуриш, аҳолига хизмат кўрсатиш ва дам олиш масканларини яратиш, электр энергияси, табиий газ ва тоза ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.

Олис тоғли шаҳардаги бешта маҳаллада ўнга яқин миллат вакиллари аҳил, иноқ ҳаёт кечирмоқда. Кончилар гўшасида 18 та 4 қаватли, 36 та 2 қаватли уй мавжуд. Тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан 26 та кўп қаватли уйнинг ташқи қисми тўлиқ таъмирланди. Олтита кўп қаватли уйларнинг том қисми мукаммал таъмирланди. 63 та кириш йўлакларига янги темир эшиклар, 3260 м2 фрамуга ромлари ўрнатилди. Тандирхоналар қуриб берилди. Уйлар атрофига 76 та тунги ёритгич ўрнатилди. 18 та болалар ўйингоҳи замонавий усулда жиҳозланди. Мавжуд 200 дан ортиқ ноқонуний қурилмалар бузилиб, чиқиндилардан тозаланди. 380 метр ирригация тармоқлари янгидан таъмирланди. Табиий газ ва электр таьминоти тубдан яхшиланди.

Шарғун қурилиш касб-ҳунар коллежи, 4 та умумтаълим мактаби ва 2 та ихтисослаштирилган мактабларда реконструкция, таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Бунинг учун йигирма миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланаётир. Мавжуд тўртта мактабгача таълим муассасаси ҳам янги қиёфада бўй кўрсатиб, болажонлар учун барча шароитлар муҳайё этилмоқда. Шунингдек битта хусусий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилиб, иккитасида қурилиш ишлари давом этаётир.

Шарғун шаҳар ҳокимлиги биноси, шифохона реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. 100 ўринли оилавий поликлиникада қурилиш таъмирлаш ишлари якунланиб, тиббиёт ходимлари ва аҳоли учун барча қулайликлар яратилди. Келгуси йил 60 ўринли туғруқхона бунёд этилиб, наркология шифохонаси реконструкция қилинади. Шаҳар марказидаги “Шахтёрлар майдони“да шахтёрлар монументи ўрнатилиб, кўркам масканга айлантирилди. Кўп миллатли кончилар шаҳридаги Биродарлик қабристонида йирик ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари бажарилиб, икки мингдан ортиқ қабр бегона ўтлардан тозаланди, сувоқланди. Бостирма, пиёдалар йўлакчалари қурилди, қабртошлар, темир панжаралар бўялди. Атрофи цементли блог ғиштдан девор тўсиқлари билан ўралди, сув минораси том қисми профнастил билан таъмирланиб, ташқи қисмида сувоқлаш ва фасад ишлари бажарилди. Таҳоратхона қурилиб, барча шароитлар яратилди. Минг тупдан ортиқ манзарали дарахт ўтқазилди.

Айни пайтда меҳнаткаш, фидойи кончилар гўшасида бунёдкорлик ишлари давом этмоқда. Кўп қаватли замонавий уйлар қад ростлаётир. Ичимлик сув таьминоти яхшиланмоқда. Канализация тармоқлари барпо этилаётир. Равон йўллар қурилмоқда.

“Обод марказ“ дастури бўйича бундай улуғвор ишлар Музработ тумани марказида ҳам олиб борилмоқда. Вилоятдаги 31 қишлоқ ва иккита маҳалла “Обод қишлоқ“, “Обод маҳалла“ дастурларига кўра, янги қиёфада бўй кўрсатмоқда. Бу борада амалга оширилаётган барча ишлар одамларнинг сўнгги йилларда юз бераётган эзгу ўзгаришлардан фахр-ифтихор ҳиссини туйишига, уларнинг турмуш тарзини оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Президентнинг бу сафарги ташрифи ҳам вилоятда кўплаб замонавий лойиҳаларни жорий этишга кенг йўл очиб, воҳани иқтисодий-ижтимоий юксалтиришнинг истиқболли янги йўналишларини белгилаб беради. Вилоят аҳолисининг фаровон ҳаётга иштиёқини, обод ва осуда турмушга интилишини кучайтириб, уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва янгиланишларга дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Сурхондарё Шарғун

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made