Президентларнинг Покистон Бош вазирига берган совғалари махфийлаштирилди
Олам
−
21 Сентябрь 2021
9504Покистон ҳукумати Бош вазир Имрон Хон 2018 йил август ойида ҳукумат раҳбари лавозимига киришганидан бери хорижий давлат раҳбарларидан олган совғаларини оммага ошкор қилишдан бош тортди. Бу ҳақда “Doon” нашри хабар берди.
“Бош вазирга чет элдан келтирилган совғалар ҳақидаги маълумотлар давлат сиридир, чунки Покистон ҳукумати раҳбарининг хорижий раҳбарлар билан совғалар алмашиши давлатлараро муносабатларни акс эттиради. Бундай маълумотларнинг ошкор қилиниши Покистоннинг халқаро сиёсатдаги манфаатларига путур етказиши ва давлатлараро муносабатларга таҳдид солиши мумкин”, дейилган хабарда.
Бундай жавоб ҳукуматга 10 кун ичида Имрон Хоннинг хорижий давлатлардан олган барча совғалари ҳақида батафсил маълумот беришни буюрган Исломобод Олий судига юборилган. Ҳукумат бошлиғининг идораси судга бундай маълумотлар “махфий” деб таснифланганини ва уларнинг омма олдида пайдо бўлиши оммавий ахборот воситаларида кераксиз шов-шувга олиб келиши мумкинлигини айтган.
Баёнотда тушунтирилишича, Имрон Хон одатда бундай совғаларни “Тошахон” — давлат сақлаш омборига ўтказади. Агар уларни ўзида сақламоқчи бўлса, ҳисобидан маблағ ажратади. Бош вазир совғалар учун айнан қанча пул тўлаши аниқланмаган.
Исломобод Олий суди унинг жавобини ўрганиш учун танаффус олган. Суднинг аввалги қарорига кўра, Имрон Хон ва барча ҳукумат амалдорларига бериладиган совғалар ҳақида оммавий маълумотларнинг йўқлиги кераксиз миш-мишларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради ҳамда фуқаролар ва давлат идоралари ўртасида ишончсизлик пайдо бўлади.
Худди шу фикрни Покистон Ахборот комиссияси ҳам қўллаб-қувватлаган, улар юқори мансабдор шахслар томонидан совғалар олиш масаласи очиқ ва ошкора бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Қайд этилишича, ҳозирда Покистон судлари собиқ Бош вазирлар Асиф Али Зардарий ва Навоз Шарифга, шунингдек собиқ Президент Юсуф Ризо Гилонийга нисбатан уларнинг мулкида қолдирилган қимматбаҳо хорижий совғалар юзасидан жиноий ишларни кўриб чиқмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь