Президент жамоатчиликни сиёсий барқарорликни ҳимоя қилишга тайёр бўлишга чақирди
Олам
−
28 Июнь 2022
6405Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 27 июнь куни нишонланадиган Миллий бирдамлик кунининг 25 йиллигига бағишланган мурожаатида жамоатчиликни мамлакатдаги сиёсий барқарорликни ҳимоя қилишга тайёр бўлишга чақирди. Бу ҳақда Президентнинг Матбуот хизмати хабар берган.
“Давлатимиз ва халқимиз сотқинлари, ғаразгўйлари, миллий ҳамда давлат манфаатларини оёқ ости қилиб, ўз эътиқоди, виждонини чет эллик хўжайинларига сотганлар ҳалигача ўз ғаразли ният ва режаларидан воз кечгани йўқ.
Шунинг учун биз тинчлик, осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллий бирликни ҳимоя қилишга доим тайёр бўлишимиз ва ҳеч қачон сиёсий ҳушёрликни йўқотмаслигимиз керак”, дейди Тожикистон раҳбари.
У ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида “Тожикистон фуқаролар уруши гирдобига тушиб қолгани, бунинг ортидан жамият ва давлатнинг барча соҳалари фожиали инқирозга юз тутганини” эслаган.
Унга кўра, тожик миллатининг емирилиши ва мамлакатнинг дунё сиёсий харитасидан йўқолиб кетиш хавфи бор эди.
“Тинчлик бўйича узоқ давом этган музокаралар 1997 йил 27 июнь куни Москва шаҳрида муҳим ҳужжат – Тожикистонда тинчлик ва миллий тотувликни ўрнатиш тўғрисидаги Бош келишув имзоланиши билан якунланди”, деб эслаган Имомали Раҳмон.
Мамлакат Президенти лавозимини 28 йилдан буён эгаллаб келаётган Раҳмоннинг қайд этишича, Тожикистон тинчликпарварлик ва миллий бирдамликни таъминлаш тажрибаси нафақат тожик миллатини қутқариш омилига айланган, балки жаҳон ҳамжамияти ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан можаро ва қарама-қаршиликларни бартараф этишда ибратли тарихий сабоқ, ўзига хос тажриба сифатида эътироф этилган.
“Тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти замонавий шароитда, айниқса, сўнгги йилларда, инсоният ўта оғир муаммоларга дуч келаётганида тобора ортиб бормоқда.
Глобал иқлим ўзгаришининг даҳшатли оқибатлари, жумладан, сув танқислиги, қурғоқчилик, озиқ-овқат тақчиллиги, дунё бўйлаб озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши ва юқумли касалликлар тарқалиши, хавфсизлик муаммолари билан бир қаторда, терроризм, экстремизм каби замонавий таҳдидларнинг мисли кўрилмаган даражада кенгайиши, диний радикализм, қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар савдоси, кибержиноят ва бошқа трансмиллий уюшган жиноятлар инсон ҳаётини жуда хаотик ва чидаб бўлмас ҳолга келтирди”, дейди Имомали Раҳмон.
Президент Тожикистон халқини “жаҳон ҳамжамиятидаги шундай нозик шароитда” тинчлик, осойишталик, сиёсий барқарорлик ва миллий бирликнинг аҳамиятини англаб етишга, бу бебаҳо неъматларни энг катта ютуғи қаторида ҳимоя қилишга чақирган.
LiveБарчаси