Президент ёшларга ойига 1,2 миллиондан пул бермоқчи
Жамият
−
30 Июнь 2022
15718Ёшлар дафтарига киритилган ёшларга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳар бирига ойига 1 миллион 200 минг сўмдан субсидия берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилаётган байрам тадбирида маълум қилди.
“Ёшлар дафтарига киритилган ёшларга замонавий касблар, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни ўрганиши учун ҳар бирига ойига 1 миллион 200 минг сўмдан субсидия берилади. Шунингдек, ёшларга илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги тўгараклар учун 6 ой давомида 300 минг сўмдан пул тўланади. Уларга ушбу йўналишлар бўйича маҳаллий олимпиадаларда қатнашиш харажатлари учун – 1 миллион 200 минг сўмдан, нуфузли халқаро олимпиадалар учун – 12 миллион сўмдан маблағ ажратилади”, деди Шавкат Мирзиёев.
Мирзиёевга кўра, энди техникумларга қабул йилда 2 марта ташкил этилиб, талабалар учун давлат гранти сони 2 баробарга оширилади. Шунингдек, техникумлар учун таълим кредити жорий қилинади ва 80 мингдан зиёд ёшларга кредит бериш учун молиявий ресурс ажратилади.
“Ўтган ўқув йилида биргина Президент мактабларини битирган 424 нафар ўғил-қизларнинг барчаси олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Уларнинг 102 нафари (24 фоизи) хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида ўқиётгани таҳсинга сазовордир. 2 йилда 400 нафар ёшлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали чет эллардаги энг нуфузли олийгоҳларда ўқишга юборилди”, дейди давлат раҳбари.
LiveБарчаси