Президент янги туманга 2 трлн ажратилишини айтди

Жамият 6854
image

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун қарийб 2 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 апрель куни вилоятга қилган ташрифида сўз юритди. 

Президент матбуот хизматига кўра, дастлаб Шавкат Мирзиёев янги туманда ишга туширилган “Чироқчи кластер” масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонасига борган. Унинг биноси енгил конструкциялардан қурилган. 500 нафарга яқин маҳаллий хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланган.

Давлат раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечириб, хотин-қизлар билан суҳбатлашган.

“Кўряпсизлар, аёллар бўйича қанча қарорлар қабул қиляпмиз, ташкилий чоралар кўряпмиз. Бунинг замиридаги мақсад — сизларнинг қувончингизни кўриш. Бир аёлни, бир қизимни иш билан таъминласак, унинг кайфияти бутун хонадонга таъсир қилади, фарзандларини яхши ўқитади. Бугун ҳам кўп режалар, имкониятлар билан келдик. Ўзбекистонда орзулар амалга ошадиган замон қуришга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Хабарга кўра, корхона йилига 7 миллион дона тайёр кийим ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг катта қисми “Samo” бренди остида экспорт қилинади. Бунинг учун таниқли хорижий брендлар билан ҳамкорлик режалаштирилган.

Маълумки, Еттитом шаҳарчаси Кўкдала туманининг маъмурий маркази этиб белгиланган. Энди бу ерда инфратузилмани ривожлантириш зарур. Президент ушбу шаҳарчани батафсил режалаштириш лойиҳаси билан танишган.

“Туман ҳудуди 171 минг гектар бўлиб, 32 та маҳалладан иборат. Лойиҳага кўра, Еттитом шаҳарчасида туман ҳокимлиги ва маҳаллий идоралар учун бинолар, “Янги Ўзбекистон” массиви, боғча ва мактаблар, поликлиника, истироҳат боғи, халқаро аҳамиятдаги йўл бўйида хизмат кўрсатиш ва савдо мажмуалари барпо этилади. 159 километр йўл таъмирланиб, 50 километр ичимлик суви, 80 километр электр тармоқлари қурилади”, дейилади хабарда.

Президент янги биноларни энергия тежамкор қилиб қуриш, уйлар тепасига қуёш энергияси панеллари ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган. Кўкдалада 500-1000 мегаваттлик қуёш электр станциялари ва қуёш панеллари корхонасини барпо этиш имкониятини ўрганиш бўйича топшириқ берган.

Шу ерда аҳоли вакиллари билан учрашув бўлиб ўтган. Аҳоли илгари Чироқчи тумани марказигача 2-3 соатлаб йўл юрилгани, бу кўп қийинчилик ва харажатлар туғдирганини сўзлаб берган.

“Кўкдала туманини ташкил этишдан асосий мақсад бу ерда яшайдиган 182 минг нафар аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ишларимизни янги босқичга кўтаришдир”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ташриф чоғида, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3 йиллик дастур ишлаб чиқилиши таъкидланган. Бу ерда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш учун қарийб 2 триллион сўм маблағлар йўналтирилади. Жорий йилда 260 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа ишга туширилади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 152
Рейтинг: 3.1
t
×