Президент янги қонунни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 14 октябрь куни янги Қонунни имзолади. Ушбу Қонун Ўзбекистоннинг Маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Конвенцияга қўшилишини ифода этади. 

Қонун жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланган. 

Қонун билан Маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Конвенция (Париж, 2005 йил 20 октябрь) ратификация қилинмоқда. 

Конвенция 145 та мамлакат, шу жумладан, Франция, Германия, Хитой, Канада, Корея, Туркия, Миср, Озарбайжон, Беларусь, Тожикистон каби давлатлар томонидан ратификация қилинган.

Мазкур Конвенциянинг асосий мақсади маданий ўзини ифодалашнинг турли хил шаклларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорлик ҳамда ҳамфикрликни мустаҳкамлаш асосида турли маданиятларнинг эркин ҳамкорлиги учун шарт-шароитларни яратишдан иборат.

Конвенцияга кўра, иштирокчи давлатлар барча ижтимоий гуруҳларнинг, шу жумладан, озчилик ва туб халқларга мансуб шахсларнинг ўзига хос шартларига , эҳтиёжларига эътибор қаратган ҳолда, маданий ўзини ифодалаш шаклларини яратиш, тарқатиш ва тақсимлашда алоҳида шахслар ҳамда ижтимоий гуруҳларга ёрдам берадиган муҳит яратишга интилади. Ҳар тўрт йилда ЮНЕСКОга маданий ўзини ифодалаш шаклларини хилма-хиллигини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш учун қабул қилинган чора-тадбирлар тўғрисида тегишли ахборот тақдим этади. Таълим соҳасидаги дастурлар, жамоатчилик хабардорлигини ошириш, икки томонлама, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали маданий ифодаларнинг турли хил шаклларини муҳофаза қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашга  кўмаклашади.

Шунингдек, Конвенцияда белгиланган қоидаларни амалга ошириш учун аъзо мамлакатларга молиявий ёрдам кўрсатилади. Шу мақсадда Конвенцияга мувофиқ Маданий хилма-хиллик халқаро жамғармаси тузилган.

2010 йилдан бошлаб мазкур жамғарма 57 та мамлакатда 105 та лойиҳани молиялаштиришга кўмаклашган. 2018 йил декабрда 13 та мамлакатдаги маданият ва ижод соҳасидаги 8 та лойиҳани молиялаштириш маъқулланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг