Президент янги қонунни имзолади

Жамият

image

Бугун, 8 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун 10 та боб, 64 та моддадан иборат. Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қонун вазирлик ва идоралар мутахассислари, хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тайёрланган. 

У Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.

Бундан буён давлат фуқаролик хизмати татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида ҳар хил ёндашувларга барҳам берилади.

Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун жорий йилнинг 28 май куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма олтинчи ялпи мажлисида маъқулланган эди. Қонун нормалари фақатгина давлат реестрига киритиладиган лавозимларда фаолият юритаётган давлат хизматчиларига нисбатан татбиқ этилади. 

Таъкидланишича, мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат хизмати соҳасини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилади. Давлат хизматчиларининг тоифаси, мақоми, малака даражаси, уларга қўшимча ҳақ тўлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уларнинг масъулиятини ҳам янада оширишга хизмат қилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

492

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг